Шимолий Корея яна баллистик ракеталарни учирди

None
PKHENYAN. Kazinform - КХДР Япония денгизи томон яна иккита баллистик ракета учирди. КХДР ТИВ маълумотларига кўра, Пхеньян АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг Корея ярим ороли ҳудудидаги ҳаракатлари муносабати билан ўз хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўрмоқда, дея хабар беради Кazinform Euronewsга таяниб.

Сўнгги кунларда минтақадаги вазият давлатлар ўзаро ракета учирилишидан сўнг кескинлашди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишида АҚШ элчиси Линда Томас-Гринфилд Пхеньянга қарши санкциялар режимини кучайтиришга чақирди.

«Биз БМТга аъзо барча давлатларни, айниқса, Хавфсизлик Кенгаши аъзоларини бу эҳтиётсиз хатти-ҳаракатни қоралаш ва КХДРни ўзининг ноқонуний қурол дастурларидан тўлиқ, текширилиши мумкин бўлган ва қайтариб бўлмайдиган тарзда воз кечишга ҳамда ядросизланиш йўлида дипломатиядан фойдаланишга ундашда биз билан бирга бўлишга чақирамиз», - деди АҚШнинг БМТдаги вакили Линда Томас-Гринфилд.

Шунга қарамай, Хавфсизлик Кенгашининг мажлиси натижасиз якунланди. Россия ва Хитой АҚШ баёнотига жавобан Вашингтонни минтақада қарама-қаршиликни кучайтирмасликка, муроса йўлидан боришга чақирди.

Хабар берганимиздек, 4 октябр куни Шимолий Корея сўнгги 5 йил ичида биринчи марта Япония ҳудуди узра баллистик ракета учирди. Япония ҳукумати шимоли-шарқий вилоятлар аҳолисини вақтинча эвакуация қилиш ва поездлар ҳаракатини тўхтатишни эълон қилишга мажбур бўлди.

«КХДР томонидан баллистик ракеталарни учирилиши минтақада беқарорликнинг кучайишига олиб келиши мумкин», деди БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида бош котибнинг Яқин Шарқ, Осиё ва Тинч океани бўйича ёрдамчиси Халед Хиари.

У БМТ Бош котиби КХДР томонидан узоқ масофага учувчи баллистик ракета учирилишини кескин қоралаганини эслатиб, буни «ўйламасдан» қилинган ҳаракат ва Хавфсизлик кенгашининг тегишли резолюцияларини очиқдан-очиқ бузиш деб атади.

Фото: Lee Jin-man/Copyright 2022 The AP


Сўнгги хабарлар