Шчучинскда биатлон бўйича жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

None
SHUCHINSK. Kazinform - Шучинскда биатлон бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради Кazinform Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Мусобақада 38 давлатдан 500 дан ортиқ спортчи иштирок этади. Улар орасида Швеция, АҚШ, Жанубий Корея, Франция, Германия, Норвегия, Австрия, Япония, Буюк Британия ва бошқа давлатлар бор.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев турнир иштирокчилари ва ташкилотчиларига мурожаат йўллади.

«Сизни ўсмирлар ўртасида биатлон бўйича жаҳон чемпионати очилиши билан табриклайман. Қозоғистонда оммавий спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Спорт иншоотлари барпо этилмоқда, болалар секциялари очилмоқда, навқирон авлоднинг ҳар томонлама камол топиши учун шароит яратилмоқда. Ушбу кенг кўламли тадбирни ташкил этишда кўрсатган ёрдами учун Халқаро биатлон иттифоқига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ишончим комилки, жаҳон чемпионатининг ўтказилиши Қозоғистонда биатлон ривожига туртки беради», — дейилади Давлат раҳбарининг расмий табригида.

Тантанали маросим мусобақалар ўтказиладиган қишки спорт турлари бўйича Олимпия тайёрлаш марказининг чанғи ва биатлон стадионида бўлиб ўтди.

«Қозоғистонда илк бор бундай даражадаги биатлон турнири ўтказилмоқда. Бу, айниқса, қозоғистонлик ёш спортчиларнинг сўнгги пайтларда АҚШда ўтказилган қишки Универсиада ва бошқа йирик мусобақалардаги муваффақиятлари нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этмоқда. Биатлонимизнинг албатта келажаги бор ва ишончим комилки, мазкур чемпионат фуқароларимизнинг нафақат ушбу йўналишга, балки умуман қишки спорт турларига ҳам қизиқишини оширади. Бу бизнинг асосий вазифаларимиздан биридир», - деди Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Сарсен Қуранбек.

Биатлон бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати 4-12 март кунлари бўлиб ўтади. Қозоғистондан 20 нафар спортчи иштирок этади.


Сўнгги хабарлар