Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ишончли ғалаба қозонди

Фото: None
TASHKENT. Kazinform – 2021 йил 25 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Шу муносабат билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси «Humo Arena» мажмуасида тадбир ўтказди. Унда партия фаоллари ва партияга хайрихоҳ инсонлар қатнашди.

Мониторларда Марказий сайлов комиссиясининг сайловнинг дастлабки натижаларига бағишланган матбуот анжумани онлайн тарзда намойиш этилди. Дастлабки натижаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловда қатнашганлар умумий сонининг 80,1 фоиз овози билан ғалаба қозонгани эълон қилинди. Тадбирга йиғилганлар бу хабарни хурсандчилик ва олқишлар билан кутиб олди.


Бу овозлар Ўзбекистон халқи ўз ҳаётида сезган натижалар ва келажакка ишонч учун берилган, дейиш мумкин. Чунки охирги беш йилда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида катта масштабдаги ишлар қилинди. Янгиланиш кириб бормаган бирорта соҳа қолмади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, ҳаёт талаб қилган маъмурий, ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди.

Шу даврда мамлакат иқтисодиёти 24 фоизга, саноат 34 фоиз, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 3 баробарга ошди. Ялпи ички маҳсулотимиз 60 миллиард долларга етди. Ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 марта кўпайди.

Ҳудудларни ривожлантириш, саноат ва хизматлар кўламини кенгайтириш учун кенг имкониятлар яратилди. Юзлаб корхона ва заводлар, минглаб янги иш ўринлари пайдо бўлди. Улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Амалий натижадорлик, инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсадига айланди. Ижтимоий йўналтирилган дастурлар амалга оширилди. Илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, оммавий ахборот воситалари, спорт соҳаларини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилди.

Тадбирда Шавкат Мирзиёев сўзга чиқиб, ўзига билдирилган юксак ишонч учун Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирди.

Давлат раҳбари барча хорижий ва маҳаллий кузатувчиларга, Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига, оммавий ахборот воситалари вакилларига раҳмат айтди.

Президент сайловида бошқа сиёсий партиялардан илгари сурилган номзодларга ҳам миннатдорлик билдирди.

«Уларнинг ҳам нияти – Ўзбекистонни ривожлантириш. Шунинг учун уларнинг дастуридаги халқимизга маъқул таклифларни албатта инобатга оламиз. Биз кеча рақобат қилган бўлсак, энди бир мушт бўлиб, ҳаракат қилишимиз керак. Мен халқимизнинг юксак ишончини оқлаш, орзу-умидларини ушалтириш, фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч-ғайратим ва салоҳиятимни сарфлашга ваъда бераман. Янги Ўзбекистонни ҳаммамиз биргаликда қурамиз», - деди Шавкат Мирзиёев.


Сўнгги хабарлар