Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимини бажаришга киришади
6 Ноябрь 13:21

Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимини бажаришга киришади

TASHKENT. Kazinform -Тошкентдаги Олий Мажлис Сенатининг янги биносида Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимига киришиш тантанасига бағишланган маросим бўлиб ўтмоқда,- деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Тантанали йиғилишда Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар, Ҳукумат аъзолари, ижроия ва суд ҳокимияти органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар элчилари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этмоқда.

Маълумки, жорий йил 24 октябрь куни мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди.

Сайлов якунлари бўйича сайловчиларнинг 80,12 фоиз овози билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 29 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисида сайлов натижалари кўриб чиқилди ва Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайлангани тўғрисида қарор қабул қилинди.

Йиғилишда МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан самимий муборакбод этди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Республикаси Президентининг гувоҳномасини топширди.

Олий Мажлис палаталарининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимига киришишига бағишланган тантанали қўшма мажлисида Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаев Шавкат Мирзиёевни минбарга таклиф этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қасамёд қабул қилди:

«Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий амал қилишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юкланган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан».

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилмоқда.



Янгиликлар

Архив