Сенат раиси Мисрнинг Қозоғистондаги элчиси билан учрашди
24 Декабрь 18:46

Сенат раиси Мисрнинг Қозоғистондаги элчиси билан учрашди

NUR-SULTAN. Kazinform – Сенат раиси Маулен Ашимбаев Мисрнинг Қозоғистондаги элчиси Манал Эльсайед Ехия Эл Шиннави билан учрашди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар беради Kazinform Сенати матбуот хизматига таяниб.

«Келгуси йил март ойида биз мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Ўтган йиллар давомида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар Қозоғистон-Миср дўстлиги, ўзаро англашув ва самарали ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратди. Икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида алоқалар ўрнатилди, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун яхши замин яратилди, ҳуқуқий база мустаҳкамланмоқда», - деди Маулен Ашимбаев.

Суҳбат чоғида Сенат раиси мамлакатнинг динлараро мулоқотни жаҳон миқёсида ривожлантириш, Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойларини ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётгани учун Миср томонига миннатдорлик билдирди.

Томонлар парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

«Мамлакатларимиз парламентлари икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Ўтган йили Сенатда Миср қонун чиқарувчи органи билан ҳамкорлик қилиш учун гуруҳ тузилган эди. Биз парламентлараро алоқаларимиз яхши динамикасини сақлаб қолишдан ва Миср парламентарийлари билан конструктив иш олиб боришдан манфаатдормиз», - деди Маулен Ашимбаев.

Учрашув якунида Палата раиси Қозоғистон парламенти Сенати икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга фаол ёрдам беришини таъкидлади.

Янгиликлар

Архив