Савдодаги тўсиқлар, транзит эркинлиги ва озиқ-овқат нархлари: ҚР Бош вазири Евросиё ҳукуматлараро кенгашида нима ҳақида гапирди

None
None
CHOLPON-AТА. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда Kazinform Ҳукумат раҳбари матбуот хизматига таяниб хабар бермоқда.

Тадбирда Қирғизистон Республикаси Вазирлар Кабинети Раиси – Қирғизистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаров, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин, Арманистон Никол Пашинян, Беларус Республикаси Бош вазири Роман Головченко, шунингдек, кузатувчилар ва таклиф этилган давлатларнинг олий вакиллари – Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Идаят ўғли Асадов иштирок этди.

Алихан Смаиловнинг айтишича, ЕОИИ мамлакатлари ҳукуматлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида асосий иқтисодий кўрсаткичлар тикланган ва иқтисодий рисклар қисман бартараф этилган.


«Жумладан, иқтисодиётни барқарорлаштириш ва ўсишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ЕОИИ мамлакатлари иқтисодий ўсишининг ўрта муддатли прогнозларини ошириш имконини берди. Биринчи ярим йилликда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошди. Қозоғистоннинг ЕОИИ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 4,8 фоизга ўсиб, 12,6 миллиард долларни ташкил қилди», — деди бош вазир.

Шу билан бирга, Ҳукумат раҳбари бу борадаги ишларни янада ривожлантириш учун бир қатор муҳим масалаларни ҳал этишга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Алихан Смаиловнинг сўзларига кўра, тўсиқсиз муҳит яратиш ЕОИИ мамлакатлари ўзаро муносабатларининг асоси бўлиб, уни яратиш тўғрисидаги шартномада бевосита ёзилган. Барча зарур ваколатларга эга бўлган Комиссия этакчи рол ўйнаши керак.


«Ҳозирги вазиятда давлатлар бир томонлама жорий этишга мажбур бўлаётган чекловлар оқибатларини бартараф этиш механизмларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга», — деди Бош вазир.

Шу билан бирга, Ҳукумат раҳбари ўзаро савдога чекловлар жорий этилганда, бошқа давлатлар ҳам ЕОИИ товарлари билан маълум даражада таъминланиши, шунингдек, учинчи давлатлардан етказиб беришни осонлаштирадиган шарт-шароит яратилиши кераклигини айтди.

Бош вазирнинг қайд этишича, айни пайтда Иттифоқ мамлакатлари нархларнинг, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг сезиларли даражада ошиши муаммосига дуч келмоқда. Масалан, ЕОИИда нархлар 6 ой ичида ўртача 12,9 фоизга ошди.


«Биз миллий валюталар ўртасидаги алмашув курсларида ҳам жиддий бузилишлар мавжудлигини кўриб турибмиз, улар Америка валютасига нисбатан кросс-курслар билан белгиланади. Бу мамлакатларимиздаги савдо ва инфляция жараёнларига сезиларли таъсир кўрсатади», — деди Алихан Смаилов.

Шу муносабат билан Бош вазир ЕОИИ мамлакатлари марказий банкларининг тегишли маслаҳатлашувларини ўтказиш ва ҳукуматлараро кенгашнинг навбатдаги йиғилишига таклифлар киритишни таклиф қилди.

Шу билан бирга, Ҳукумат раҳбари ЕОИИ мамлакатлари экспортини ривожлантириш мақсадида товарларнинг транзит эркинлигини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратди. «Шарқ-Ғарб» ва «Шимол-Жануб» йўналишларида Евроосиё транспорт йўлаклари инфратузилмасини модернизация қилиш бу борадаги муҳим амалий қадам бўлиши мумкин.


«Юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал этиш кейинги пайтларда юзага келган қийинчиликларни бартараф этишга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. Ўйлайманки, саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириб, олдимизда турган вазифаларни енгиб, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш билан бирга, фуқароларимиз фаровонлигини ҳам юксалтиришга эришамиз», — дея хулоса қилди Алихан Смаилов.


Учрашув якунларига кўра, иштирокчилар бир қатор кўп томонлама ҳужжатларни имзоладилар.


Сўнгги хабарлар