Саудия Арабистони Қозоғистондан 3000 кишига ҳаж зиёратини адо этишга рухсат берди
Йиғилишда бу йилги ҳаж сафарини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Науризбай ҳожи қозоғистонлик зиёратчилар учун энг қулай шарт-шароит яратиш таклифи билан чиқди. Энг муҳими, зиёратчилар учун ҳамёнбоп ҳаво транспорти мавжудлиги юзасидан музокаралар олиб борилди. Негаки, қозоғистонлик зиёратчилар учун чартер рейслар нархи қиммат.
Ўз навбатида Тавфиқ ибн Фавзан ар-Робия қозоғистонлик ҳожиларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Икки томонлама учрашув чоғида бу йил Қозоғистондан 3 минг нафар фуқаро ҳаж зиёратига боришига келишиб олинди.
Саудия томони зиёрат мавсумида Қозоғистонга ажратилган 3000 та расмий ўриндан ташқари ҳеч ким мамлакатга киритилмаслигини маълум қилди.
Бундан ташқари, Қозоғистон Бош муфтийси Жаҳон ислом лигаси бош котиби Шайх, доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ал-Исса билан учрашди.
Н.Таганули Жаҳон ислом лигаси бош котибини Қозоғистонга ташриф буюришга таклиф қилди.
«Жаҳон ислом лигаси Қозоғистонда ўтказилаётган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи ва қўшма ташаббусларимизни қўллаб-қувватлайди. Сизни сентябр ойида Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтадиган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII қурултойида иштирок этишга таклиф қиламиз. Бизнинг мақсадимиз мустақилликка эришганимиздан буён тинчликни сақлаш, дунёда низолар, динлараро низоларнинг олдини олишдан иборат. Шу билан бирга, лиганинг иши жуда катта», - деди Бош муфтий.
Учрашув якунида Бош котиб Қозоғистонга ташриф буюриш таклифини қабул қилгани ва бунинг режалаштирилганлигини айтди.