Россия евробондлар бўйича дефолтга учради - Moody's агентлиги

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Moody's агентлиги Россия ташқи қарз мажбуриятларини бажармаганлиги ҳақида хабар берди. Бу ҳақда халқаро рейтинг агентлиги сайтидаги хабарда айтилади, дея хабар беради Kazinform ТАСС агентлигига таяниб.

«27 июн куни Россиянинг суверен қарзи эгалари 30 кунлик имтиёзли давр ичида еврооблигациялар чиқарилиши («Россия-26» ва «Россия-36» – ТАСС эслатмаси) бўйича 100 миллион доллар миқдоридаги купон тўловларини олмаган, бу, бизнинг таърифимизга кўра, дефолт дея юритилади», - дея иқтибос келтиради ТАСС рейтинг агентлигидан.

Ўтган ой АҚШ Россияга ташқи қарзига хизмат кўрсатиш учун тўловларни амалга оширишга рухсат берувчи бош лицензияни янгиламади. Шундай қилиб, қарзни тўлаш учун Россия ўтган ҳафтада бундай тўловларни амалга ошириш имконини берувчи янги механизм ёрдамида рублдаги еврооблигациялар бўйича ўз мажбуриятларини биринчи марта бажарган.

Пайшанба куни Россия молия вазири Антон Силуанов таъкидлашича, бу ташқи қарз бўйича дефолтни англатмайди - кредиторларнинг Москва ўз мажбуриятларини нотўғри бажараётганига ишониш учун асос йўқ, чунки Россия форс-мажор шароитида кредиторлар ўз маблағларини олишлари учун ҳамма нарсани қилмоқда. Силуановнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг ташқи қарзига «дефолт» белгисини қўйиш учун унга хизмат кўрсатишда сунъий тўсиқлар яратмоқда.

Moody's позицияси

Ўз навбатида, Moody's келажакдаги купон тўловлари бўйича ҳам дефолт эълон қилинишини истисно қилмайди. «Россия президентининг 22 июндаги фармони билан ташқи қарзни рублда тўлаш тартиби жорий этилди. Биз шартнома шартларига мувофиқ бундай номинални олишга рухсат бермайдиган облигациялар учун рублдаги тўловларни дефолт сифатида кўриб чиқамиз, деган фикрдамиз», — дейилади Moody's агентлигининг хабарида.

Қўшимча қилинишича, Россия томонидан 2018 йилдан кейин чиқарилган еврооблигациялар маълум шартларда рублда қайтариб олиш имконини беради. Бироқ, 2018 йилгача чиқарилган еврооблигациялар ушбу шартни ўз ичига олмайди ёки фақат доллар, евро, фунт стерлинг ёки Швейцария франки каби валютада сотиб олишга рухсат беради.

Сўнгги хабарлар