Россия Амур йўлбарсларини Қозоғистонга текинга беради

None
ASTANA. Кazinform – Турон йўлбарслари популяциясини тиклаш доирасида «Или-Балқаш» қўриқхонаси тайёрланди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Экология, геология ва табиий ресурслар вазири Серикқали Брекешев маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

«Турон йўлбарси устидаги ишлар давом этмоқда. «Или-Балқаш» қўриқхонаси тайёрланди. Биз ушбу қўриқхонанинг 415 минг гектардан ортиқ ҳудудини белгилаб олдик. Йўлбарсларга келсак, сентябр ойида Россия Федерациясида бўлиб ўтган иқтисодий форумда Россия Федерацияси Табиат вазирлиги билан меморандум имзоланган. Айни пайтда тегишли йўл харитаси ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, илмий изланишлардан ташқари, 2025 йилда мамлакатимизга Амур йўлбарсларининг биринчи партиясини олиб келишни режалаштирганмиз», — деди С. Брекешев Парламентдаги Ҳукумат соатидан кейин журналистлар саволларига жавобан.

Шу муносабат билан у Қозоғистонга учта йўлбарс етказиб берилишини айтди. Шу нуқтаи назардан, қўриқхона ҳудудида ёввойи чўчқа ва оҳуларнинг сонини кўпайтириш, буғуларнинг популяциясини тиклаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

«Йўлбарслар Россия томони томонидан текинга берилади, шунинг учун бу борада тўлов ҳақида гап йўқ. Амур ва Турон йўлбарсларига келсак, олимларимиз бу йўлбарсларнинг ДНК жиҳатидан бир-бири билан чамбарчас боғлиқлигини исботладилар. Шу боис Амур йўлбарсларини Или-Балқаш қўриқхонаси ҳудудига жойлаштиришга қарор қилинди», — деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилда Қозоғистон йўлбарслар бўйича халқаро саммитда Турон йўлбарсларини Марказий Осиёга қайтаришга тайёрлигини билдирган эди.

2017 йилда Қозоғистон ва Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш жамғармаси (WWF) Жанубий Балқаш ва Или дельтаси минтақасида йўлбарсларни реинтродукция қилиш дастурини амалга ошириш бўйича меморандум имзолади.

Фото: аutogear.ru

Муаллиф: Руслан Ғаббасов


Сўнгги хабарлар