Референдум «Янги Қозоғистон»га йўл очди – Мажилис раиси
8 Июнь 12:12

Референдум «Янги Қозоғистон»га йўл очди – Мажилис раиси

NUR-SULTAN. Кazinform - Референдум қозоғистонликларнинг мутлақ кўпчилиги Президентнинг модернизация йўналишидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Бу ҳақда Мажилис раиси Ерлан Қошанов маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Охирги референдум натижалари қозоғистонликларнинг мутлақ кўпчилиги Президентнинг модернизация йўналишидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Фуқароларимиз сайлов участкаларига келиб, овоз бергани Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаев ташаббусларига ишонч билдирилганининг ёрқин ифодасидир. Ростини айтсам, кўп ишлар қилинди. Халқ бўлиб йиғилиб, референдумни шараф билан ўтказдик. Сиз бу ишнинг ўртасида эдингиз. Депутатлар кунига 250 га яқин йиғилиш ўтказди. Сизлар Президент ислоҳотларини халққа тушунтиришга катта ҳисса қўшдингиз», деди Е. Қошанов Мажилиснинг ялпи йиғилишида.

Шу муносабат билан у референдум мамлакат келажаги учун тарихий аҳамиятга эга эканини, халқ ўз тақдирини ўзи белгилаб қўйганини таъкидлади.

«Бу бутун дунёга аҳил давлат эканлигини ва келажакка ишонч билан қадам қўйганини кўрсатди. Бирлик ва ишонч «Янги Қозоғистон»нинг асосий таянчидир. Халқимизда эртанги кунга ишонч, ҳамжиҳатлик, тинчлик ва барқарорлик бор. Эндиги навбат биз ҳам Президентимиз атрофида жипслашиб, бу ишонч ва ҳамжиҳатликни янада оширишдир. Биз барча юксак мақсадларга биргаликда эришишимиз керак.

Референдум «Янги Қозоғистон»га йўл очди. Халқимиз томонидан яхши қабул қилинганига гувоҳ бўлдик. Халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳам кампания адолатли ва шаффоф ўтганини таъкидламоқда.

Бу фақат бошланиши. Олдинда бизни янада муҳим ва кенг кўламли ишлар кутиб турибди», — деди Мажилис раиси.

«Биз конституциявий ўзгаришларни амалга ошириш босқичига кираяпмиз. Шундай экан, биз ҳамжиҳат ҳаракат қилишимиз керак. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаев кечаги мурожаатида таъкидлаганидек, конституциявий ислоҳот ҳуқуқ тизимини тўлиқ модернизация қилиш имконини беради. Шу боис депутатлар халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда самарали ҳуқуқий ва суд-ҳуқуқ тизимини яратиш учун тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиши зарур. Президент қонунчиликда давлатнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қиладиган нормалар бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Шу масалага депутатлар эътиборини қаратмоқчиман. Умуман олганда, конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш борасида келгусида ҳам катта ишлар амалга оширилади. Кўпгина қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилиши керак. Шундай экан, биз Президент ишончини оқлаб, қонунчиликдаги сиёсий ўзгаришларни сифатли ва тезкорлик билан амалга оширишимиз керак, – деди Ерлан Кошанов.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов

Янгиликлар

Архив