Референдум сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ бўлди - ШҲТ
6 Июнь 10:12

Референдум сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ бўлди - ШҲТ

NUR-SULTAN. Кazinform - ШҲТ Бош котиби Чжан Мин Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум Қозоғистон сайлов қонунчилиги талабларига ва мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига жавоб берганини маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«2022 йилнинг 3-5 июн кунлари ШҲТ миссияси Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича республика референдумида кузатув миссиясини ўтказди. Миссия таркибига 17 нафар кузатувчи, ШҲТга аъзо давлатларнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органлари вакиллари, шунингдек, ШҲТ Котибияти ва ШҲТ Ижроия қўмитаси масъул ходимлари киради. Миссия аъзолари Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси вакиллари, хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар кузатувчилари миссияси аъзолари билан учрашиб, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар, Нур-Султан шаҳрида овоз бериш билан батафсил танишдилар», - деди ШҲТ бош котиби Чжан Мин брифингда.

Миссия жойларда ўтказилган кузатишлар, сайлов участкалари аъзолари ва жамоатчилик кузатувчилари билан кенг фикр алмашиш, шунингдек, ушбу жараён давомида тўпланган фактик материаллар асосида натижаларни сарҳисоб қилди.

«Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум Қозоғистон сайлов қонунчилиги талабларига ва мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига жавоб берди. Миссия томонидан референдумнинг қонунийлигига шубҳа туғдирувчи миллий қонунчилик нормаларининг бузилиши қайд этилмади. Миссия ўтган референдумни очиқ, ошкора ва демократик деб тан олади. ШҲТ кузатувчилари миссияси Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Марказий сайлов комиссиясига ШҲТ кузатувчилари фаолиятини ўз ваколатлари доирасида жалб этишда кўрсатаётган ёрдами учун ўз миннатдорчилигини изҳор этади», - дея хулоса қилди Чжан Мин.

Аввалроқ, exit-poll натижаларига кўра, қозоғистонликларнинг 79,4 фоизи Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш учун овоз бергани хабар қилинганди.

Муаллиф: Арайлим Мурат


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив