Президентлик сайловининг якуний натижалари эълон қилинди

None
ASTANA. Kazinform – ҚР Марказий сайлов комиссиясининг йиғилишида навбатдан ташқари президентлик сайловининг якуний натижалари эълон қилинди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

ҚР Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдировнинг маълум қилишича, Қасим-Жомарт Тоқаевга 6 млн 456 минг 392 сайловчи ёки уларнинг 81,31 фоизи овоз берган. «Барча номзодга қаршиман» графасини сайловчиларнинг 460 484 нафари ёки 5,8 фоизи танлаган.

Шу билан бирга, Жигули Дайрабаевга 271 641 ёки 3,42 фоиз, Қарақат Абденга 206 минг ёки 2,6 фоиз, Мейирим Қажикенга 200 907 ёки 2,53 фоиз, Нурлан Ауесбаевга 176 116 ёки 2,22 фоиз, Салтанат Турсинбековага 113 827 фоиз ёки 113,2 фоизи овоз берган.

Аниқланган сайловчилар рўйхатига кўра, сайловчиларнинг умумий сони 11 млн 953 минг 465 нафарни ташкил этди. Уларнинг 8 млн 300 минг 46 нафари ёки 69,44 фоизи овоз бериш учун бюллетен олди. Овоз бериш куни ҚР Президентлигига номзодларнинг 11 мингдан ортиқ ишончли вакили, хорижий халқаро ташкилотлардан 641 нафар, сиёсий партиялардан 15 минг 500 нафардан ортиқ, жамоат бирлашмаларидан 30 минг нафардан ортиқ кузатувчи сайлов мониторингини олиб борди. Сайлов участкаларида Қозоғистон оммавий ахборот воситаларининг 1225 нафар вакили, 23 давлатдан 41 та хорижий оммавий ахборот воситаларининг аккредитациядан ўтган журналистлари маълумот тарқатди.

Эслатиб ўтамиз, 20 ноябр куни Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Барча ҳудудларда 10 033 та участка ишлади. Қозоғистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ёнида эса 68 та участка ташкил этилган. Мамлакатдаги барча сайловчиларнинг 69 фоизи ёки 8 миллион 282 мингдан ортиқ киши ўз танловини амалга оширди.

«Шундай қилиб, кеча эълон қилинган сайловнинг дастлабки натижалари расман олинган баённомалар билан тасдиқланди. «Қозоғистон Республикаси сайловлари тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 9-моддаси 1-банди, 65-моддасига кўра, овоз беришда қатнашган сайловчиларнинг 50 фоиздан кўпроғининг овозини олган номзод республика Президенти ҳисобланади. Шундай қилиб, 2022 йил 20 ноябрда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловда Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаев Қозоғистон Республикаси Президенти этиб сайланди», - деди Нурлан Абдиров.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар