Президент сув ва экологик муаммолар бўйича топшириқлар берди

None
Фото: akorda.kz
ASTANA. Кazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда экология ва сув хавфсизлиги масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Kazinform Ақордага таяниб хабар беради.

Экология ва табиий ресурслар вазири Зулфия Сулейменова экологик хавфсизлик ҳолати тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, бир қатор давлат органлари раҳбарлари ва вилоятлар ҳокимларининг алоҳида масалалар юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Йиғилишда Президент экологик хавфсизликка таҳдид солувчи табиий ва антропоген омилларга қарши курашиш жуда муҳим эканини таъкидлади.

«Сўнгги йилларда кўплаб мамлакатлар ҳукуматларининг фаоллиги ошди. Атроф-муҳитни яхшилаш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш бўйича дадил қарорлар қабул қилинмоқда. Биз авлодларимиз соғлом, ҳавоси мусаффо юртда яшашини, давлатимизни бутун дунё тан олишини истасак, улардан ўрнак олишимиз керак», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

photo

Давлат раҳбари экология соҳасида зудлик билан қарор қабул қилишни талаб қилаётган муаммоларга алоҳида тўхталди.

«Совет давридаги кўплаб саноат объектлари, кўмир ёқадиган электр станциялари, қозонхоналар экологик вазиятнинг ёмонлашишига олиб келди», - деди Президент.

Бундан ташқари, йиғилишда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир қатор масалалар кўтарилди.

Президент вилоятлар ва республика аҳамиятга молик шаҳарлар раҳбарлари эътиборини чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларда олиб чиқиш ва чиқиндиларни қайта ишлаш кўрсаткичлари пастлигига қаратди.

Кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқиш якунлари бўйича Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳукуматга миллий экологик стандартларни жаҳон стандартларига мослаштириш, ишлаб чиқариш объектларининг зарарли чиқиндиларини камайтириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, рухсат этилмаган жойлардан чиқиндини олиб чиқиш бўйича қатор топшириқлар берди.

photo

Қарағанди вилоятининг Шет туманида экин майдонларини тиклаш ва чорвачиликни ривожлантириш билан боғлиқ синов лойиҳасини амалга ошириш тажрибасини республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам қўллаш мақсадида ҳар томонлама ўрганиш бўйича топшириқ берилди.

Учрашувда сув ҳавфсизлиги соҳасида таҳдидлар даражаси ортиб бораётгани қайд этилди.

Давлат раҳбари иқтисодиётнинг барча жабҳаларида, айниқса, агросаноат мажмуасида сувдан самарали фойдаланиш, сув сарфини камайтириш бўйича тизимли ёндашувлар зарурлигини таъкидлади. Чунки сув ҳавзалари ва сув ресурслари истеъмолининг асосий қисми ушбу қишлоқ хўжалиги тармоғига тўғри келади.

Сувни тежаш технологиясини жорий этиш ва сувдан самарали фойдаланишни иқтисодий рағбатлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш билан бир қаторда, сув хўжалиги инфратузилмасини рақамлаштириш, хусусан, сув истеъмолини ҳисоблаш, мониторинг қилиш ва прогнозлашнинг долзарблиги ортиб бормоқда.

Қасим-Жомарт Тоқаев сув хўжалиги объектлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ажратилган маблағларнинг очиқлиги ва самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Президент Ҳукуматга экология ва сув соҳаларида илмий ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш чора-тадбирларини кўриш бўйича топшириқлар берди. 2030 йилгача бўлган даврда сув ресурсларини баҳолаш соҳасида мақсадли илмий лойиҳалар амалга оширилади. Унинг натижалари сув хўжалигини бошқаришда ҳисобга олинади.

Кун тартибидаги иккинчи масалани муҳокама қилиш натижасида Давлат раҳбари сифатли ичимлик сувининг мавжудлиги сув хавфсизлигининг асосий кўрсаткичи эканини таъкидлади.

«Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, келажак авлодлар учун сув захираларини асраб-авайлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш бизнинг бевосита бурчимиздир», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Йиғилиш якунида ваколатли давлат органларига миллий хавфсизликнинг энг муҳим йўналиши ҳисобланган сув хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатор вазифалар берилди.


Сўнгги хабарлар