Президент Қозоғистоннинг таниқли шахматчилари билан учрашди

None
None
NUR-SULTAN. Кazinform - Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев шахмат бўйича Қозоғистон аёллар терма жамоаси аъзолари ва шахмат федерацияси вакиллари билан учрашди, деб хабар беради Ақорда.

Президент билан учрашиш учун Ақордага жаҳон чемпиони ва халқаро гроссмейстерлар Жансая Абдумалик, Динара Садуақасова, Бибисара Асаубаева, Гулисхан Нақбаева, халқаро уста Меруерт Камалиденова ҳамда Қозоғистон шахмат федерацияси президенти Ғалим Қусаинов, вице-президент Дармен Садуақасов таклиф этилди.




Давлат раҳбари таниқли шахматчиларга алоҳида эҳтиром кўрсатиб, ушбу ўйинга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади. Шунингдек, Қозоғистон аёллар терма жамоаси Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида ҳам муваффақиятли иштирок этишига ишонч билдирди. Президент мактабни «Алтын белгі» билан тамомлаган Бибисара Асаубаевага муваффақиятлар тилади ва Гулисхан Нақбаевани ўтиб кетган туғилган куни билан табриклади.

Суҳбат ва фикр алмашиш тарзидаги йиғилишда терма жамоа етакчилари – Динара Садуақасова, Жансая Абдумалик, Бибисара Асаубаева ҳамда Қозоғистон шахмат федерацияси раҳбарияти сўзга чиқди.

Йиғилишда Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокчиларнинг мамлакатда шахматни ривожлантириш, жумладан, давлат томонидан тизимли ёрдам кўрсатиш, зарур инфратузилмани таъминлаш, шахматни алоҳида спорт тури сифатида оммалаштириш бўйича таклифларини тинглади.

Президент шахматни мактаб ўқув дастурига ихтиёрий фан сифатида киритиш, Алмати шаҳрида шахмат ва ахборот технологияларини чуқур ўргатадиган 1500 ўринли мактаб-интернат қуриш таклифини қўллаб-қувватлади. Бундан ташқари, Президент шахматни ривожлантиришни тадбиркорлар томонидан қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев шахмат ривожини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва ёш спортчиларга халқаро майдонда янги муваффақиятлар тилади.










Сўнгги хабарлар