Президент бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндорларини қабул қилди

None
Фото: akorda.kz
ASTANA. Кazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионати ғолиблари – Санжар Ташкенбай, Маҳмуд Сабирхан, Асланбек Шимбергенов, Нурбек Оралбай ва кумуш медал совриндори Дулат Бекбауовни, шунингдек, бокс бўйича Қозоғистон терма жамоаси аъзолари ва мураббийларини қабул қилди. Бу ҳақда Kazinform Ақордага таяниб хабар беради.

photo

Давлат раҳбари спортчиларни жаҳон чемпионатидаги ёрқин ғалабаси билан табриклаб, бу бутун мамлакат учун муҳим воқеа эканини таъкидлади.

«Жаҳон мусобақаларида тўртта олтин ва битта кумуш медални қўлга киритиш – катта ютуқ. Қозоқ ўғлонлари жаҳон чемпиони бўлиб, юрт мавқеини кўтарди. Фурсатдан фойдаланиб, барча мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Уларнинг овози узоқдан Тошкентдан ҳам яққол эшитилди. Бундай самимий қўллаб-қувватлаш спортчиларимизга ўзгача куч бағишлагани шубҳасиз. Спорт мусобақасини бутун халқ томоша қилди, сизларга омад тилади, десак муболаға бўлмайди. Финалдаги барча жангларни томоша қилдим. Йигитларимиз юрт шарафини ҳимоя қилиш учун бор куч-ғайратини ишга солди. Кўк байроғимиз, мадҳиямиз садоси билан халқимизнинг руҳи кўтарилди. Бу миллатнинг олижаноб руҳи ва ватанпарварлигидир! Чунки спортчиларимизнинг ҳар бир ғалабаси юртни қувонтиради. Дарҳақиқат, ўтган якшанба қозоқ боксининг музаффар куни эди. Океаннинг нариги томонида эса Жанибек Алимханули ўз унвонини шараф билан ҳимоя қилди. Унинг ғалабали серияси Тошкентда давом этди. Буларнинг барчаси қозоғистонликларни хушнуд қилди», — деди Президент.

photo

Давлат раҳбари Қозоғистон спорти янги босқичга кўтарилаётганига эътибор қаратди.

«Шахматчи Бибисара Асаубаева блиц бўйича жаҳон чемпиони бўлди. Теннисчи Елена Рибакина нуфузли турнирларда кетма-кет бир неча бор ғалаба қозонди. Курашчиларимиз, жумладан, қизларимиз Осиё чемпионатида 7 та олтин медални қўлга киритди. Нурғиса Адилетули оғир атлетика бўйича Осиё чемпиони бўлди. Футбол ва хоккейчиларимиз яхши натижалар кўрсатмоқда. Албатта, спортда ютуқ ва мағлубият бўлади. Шунга қарамай, спортчиларимиз юксак марраларни забт этишмоқда. Бунда мураббийлар ва бошқа спорт соҳаси мутахассисларининг ҳиссаси катта экани аниқ. Барчангизга самимий миннатдорчилигимни билдираман», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

photo

Президент мамлакатда спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши, ёшларнинг оммавий спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъкидлади.

Давлат раҳбари ўз сўзини якунлар экан, спортчиларга муваффақият тилади ва улар бўлажак йирик мусобақаларда юрт шарафини муносиб ҳимоя қилишларига ишонч билдирди. Шунингдек, Қозоғистон бокс федерацияси раҳбарияти, спортчилар ва мураббийларга Қозоғистон Республикаси Президентининг ташаккурномалари ва фахрий ёрлиқларини топширди.

photo


photo


photo


photo


photo


photo


photo


photo


Сўнгги хабарлар