Пойтахт тарихи: 24 йил хронологияси

None
None
NUR-SULTAN. Кazinform - Бугун пойтахт ташкил топганига 24 йил тўлди. Қарийб чорак асрда бу шаҳар мустақиллик тимсолига айланди. Айни пайтда пойтахт нафақат замонавий мегаполис, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларига сезиларли таъсир кўрсатадиган марказ, балки жаҳон миқёсидаги муҳим учрашувлар минбарига ҳам айланган. Тинчлик шаҳри номи билан машҳур пойтахт кўплаб тинчлик келишувларининг ташаббускори бўлган. Байрам муносабати билан пойтахт ривожи билан боғлиқ бир қатор муҳим хронологик саналарга тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ, деб биламиз. Пойтахтда муҳокама қилинган долзарб масалалар ва жаҳон миқёсидаги қандай тадбирлар ташкил этилгани ҳақида Кazinform экспертининг материалида ўқишингиз мумкин.

Қозоғистон мустақилликка эришгач, мамлакат пойтахтини жанубдан марказга кўчириш масаласи кўтарилди. 1994 йил 6 июлда Қозоғистон Республикаси Олий Кенгаши пойтахтни Алматидан Ақмолага кўчириш тўғрисида қарор қабул қилди. Пойтахтнинг расмий кўчирилиши 1997 йил 10 декабрда бўлиб ўтди. Қозоғистоннинг ўша пайтдаги президенти Нурсултон Назарбоевнинг 1998 йил 6 майдаги Фармони билан Ақмола шаҳри номи Астана деб ўзгартирилди.


Янги пойтахтнинг халқаро тақдимоти 1998 йил 10 июнда бўлиб ўтди. Маълумотларга кўра, пойтахтни ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинганда Астана (ҳозирги Нур-Султан) аҳолиси бор-йўғи 290 мингга яқин эди. Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, айни пайтда Нур-Султан шаҳри ҳудуди 722 квадрат километрдан ошади. Аҳолиси эса 1 миллион 257 минг кишидан ортиқ.


Бугунги кунда Қозоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари мамлакат пойтахтининг жадал ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ. Ўтган йиллар давомида пойтахт асосий кўрсаткичлар бўйича барқарор ривожланиш моделини намойиш этди.


Шу ўринда биз муҳташам пойтахтнинг яратилишидан то ҳозирги кунгача бўлган энг муҳим воқеаларга тўла хронологиясини кўриб чиқамиз.

1997 йил 10 декабрда Ақмола шаҳри мамлакат пойтахти деб эълон қилинди.

1998 йил 6 майда Қозоғистон Республикаси Президентининг 3941-сонли «Қозоғистон Республикасининг пойтахти – Ақмола шаҳрини Қозоғистон Республикаси пойтахти – Астана деб ўзгартириш тўғрисида»ги Фармони билан Ақмола шаҳри Астана шаҳри деб ўзгартирилди.


1998 йил 10 июнда пойтахтнинг халқаро тақдимоти ташкил этилди.

1999 йилда Астана шаҳри ЮНЕСКО қарори билан «Тинчлик шаҳри» мақомига сазовор бўлган. Айтиш жоизки, ушбу мақом қисқа вақт ичида ижтимоий-иқтисодий ва миллатлараро муносабатлар соҳасида салмоқли ютуқларга эришган шаҳарларга берилади.

2000 йилдан бошлаб пойтахт пойтахтлар ва йирик шаҳарлар халқаро ассоциациясига аъзоликка қабул қилинган. Мазкур ташкилот доирасида пойтахт дунёнинг етакчи шаҳарлари билан яқин алоқалар ўрнатиб, икки томонлама маданий-иқтисодий алоқаларни ривожлантирмоқда.

2003 йил 23-24 сентябр кунлари пойтахтда жаҳон анъанавий динлари ва диний етакчиларининг биринчи съезди ташкил этилди. Кейинчалик бу мунтазам равишда ташкил этиладиган дунёдаги энг муҳим учрашувлардан бирига айланди. Ислом, насронийлик, буддизм, синтоизм, иудаизм каби йирик динларнинг етакчилари ва сиёсатчилари пойтахтга келиб, тинчликка чақириб, жаҳон ҳамжамиятини овоза қилди. Ҳатто илгари бир-бирига душман бўлган турли дин етакчилари ҳам бир дастурхон атрофида тўпланиб, долзарб масалаларни муҳокама қилишди. Бу ҳам Қозоғистоннинг тинчликсевар ташаббускорлигини кўрсатди ва мамлакатнинг дунёда ижобий обрўсини шакллантиришга хизмат қилди.


Бу тадбирларда ҳар йиллари Шимон Перес, Маҳатҳир Муҳаммад, Жан Кретьен, Ал-Азҳар олий имоми Муҳаммад Саид Тантавий, Жаҳон ислом лигаси бош котиби Абдуллоҳ ат-Туркий, Бутунжаҳон ислом мазҳабларинилари яқинлаштириш ассамблеяси бош котиби Оятуллоҳ Шайх Моҳсен Араки, католик черкови кардиналлари Йозеф Томко ва Жан-Луи Торан, Константинопол православ черкови патриархи Вартоломей I, Исроил бош раввинлари Йона Мецгер, Шломо Амар ва Исхак Йозеф, «Джинджя Хонче» Япония Синто зиёратгоҳлари уюшмаси президенти Цунекиё Танака, Жаҳон Лютеран Федерацияси президенти Муниб Юнан, Бутунжаҳон буддистлар ассоциацияси бош котиби Фаллоп Тайиари, Индология ва динлараро мулоқот институти раиси Сомайя Самир Шантила, ЮНЕСКО бош директорлари Коичиро Мацуура ва Ирина Бокова, ЕХҲТ Бош котиблари Марк Перрен де Бричамбо ва Ламберто Заньер каби сиёсатчилар ва диний раҳбарлар иштирок этдилар.

Астана иқтисодий форуми 2007 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Нобел мукофоти совриндорлари, дунёнинг таниқли иқтисодчи ва сиёсатчилари пойтахтда йиғилиб, иқтисодиётдаги долзарб муаммолар, уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилди, муҳим қарорлар қабул қилди.


2009 йилда «Қазақ елі» монументи очилса, 2010 йилда эса «Хан Шатыр» кўнгилочар маркази очилди. Умуман олганда, бу йилларда Тинчлик ва келишув саройи, Мустақиллик саройи, Миллий музей, Қозоғистон харитаси «Атамекен» этно-мемориал мажмуаси, Байтерек, «Астана Опера» Давлат опера ва балет театри, Азрет Султон масжиди, Миллий архив, «Астана Арена», «Барс Арена» каби ноёб ижод намуналари Нур-Султан шаҳрининг тимсолига айланган. Айтиш жоизки, мазкур биноларнинг аксарияти хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар сармояси салоҳиятидан фойдаланган ҳолда қурилган. Бугунги мақолада уларнинг ҳар бири қачон қурилган ва унинг хусусиятлари ҳақида тўхталмасликка қарор қилдик.

2011 йил 1-2-декабр кунлари пойтахтда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Саммитда Европа давлатлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, жаҳон оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқалар иштирок этди.


2011 йилда Астана ва Алмати шаҳарларида VII қишки Осиё ўйинлари бўлиб ўтди. Йирик мусобақада 17 дан ортиқ давлатдан спортчилар 11 спорт тури бўйича иштирок этиб, 59 дан ортиқ медаллар жамланмаси учун кураш олиб борди. Пойтахтда фигурали учиш, хоккей, конькида учиш, шорт-трек спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. Айтиш жоизки, мазкур тадбирга спортчилардан ташқари дунёнинг кўплаб давлатларидан ОАВ вакиллари, мухлислар ташриф буюришди.


2012 йил 22 декабр куни пойтахт Халқаро кўргазмалар бюросига аъзо 161 давлат вакилларининг овози билан «ЕХРО-2017» халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасини ташкил этиш ҳуқуқини қўлга киритди.


Кўргазма 2017 йилда Астана шаҳрида бўлиб ўтган бўлиб, мамлакатнинг бошқа вилоятлари ва хориждан келган меҳмонлар сони икки миллиондан ошди. Уларнинг қарийб 15 фоизи хорижий давлатлардан келган. Тадбирда 115 давлат ва 22 халқаро ташкилот вакиллари иштирок этиб, ўз павильонларини жамоатчиликка тақдим этди.

2019 йилда Астана шаҳри номи Нур-Султан шаҳрига ўзгартирилди.

Кейинги 2020 ва 2021 йиллар коронавирус пандемиясига қарши кураш ва эмлаш, шунингдек, мамлакат Мустақиллигининг 30 йиллиги билан ёдда қолди.

2022 йилда Нур-Султанда Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII Съезди бўлиб ўтади. Тадбир 14-15 сентябр кунларига белгиланган. Съезд мавзуси пандемиядан кейинги даврда инсониятнинг ижтимоий-маънавий тараққиётида жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг ролига бағишланган. 2022 йилда пойтахтда бўлиб ўтадиган сиёсий воқеалардан бири МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишидир. Тадбир 14 октабр куни ўтказилиши режалаштирилган.

Муаллиф: Венера Жоламанқизи


Сўнгги хабарлар