Покистондаги тошқинлар оқибатида 1100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

None
None
ISLAMABAD. Кazinform - Кучли ёмғир ва сув тошқинлари Покистон ҳудудининг учдан бир қисмини сув босди, мингдан ортиқ одам, жумладан, болалар ҳалок бўлди, дея хабар беради Кazinform мухбири Daily Мail сайтига таяниб.

Бош вазир Шеҳбаз Шарифнинг айтишича, 1100 дан ортиқ одам, жумладан 380 га яқини болалар ҳалок бўлган.

Расмийларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 33 миллион киши, яъни 220 миллионлик Покистон аҳолисининг 15 фоиздан ортиғи тошқиндан жабр кўрган.50 мингдан ортиқ одам мамлакат шимоли-ғарбидаги иккита бошпанага эвакуация қилинган.

Табиий офатларга қарши кураш миллий агентлиги раҳбари Ахтар Навознинг айтишича, Покистоннинг 160 туманидан 72 таси табиий офатдан жабр кўрган. 800 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерлари сув остида қолган.

Жорий йилнинг август ойида мамлакатда ёғингарчилик 30 йиллик ўртача кўрсаткичдан қарийб 190 фоизга кўп, жами 390,7 мм ни ташкил этди. 50 миллион аҳолиси бўлган Синд провинцияси энг кўп жабр кўрди ва ёмғир 30 йиллик ўртача кўрсаткичдан 466 фоизга кўп ёғди.



БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, 5,2 миллион кишини озиқ-овқат, сув, санитария ва тиббий ёрдам билан қўллаб-қувватлаш учун 160 миллион доллар ажратишни сўради.

Покистон аллақачон Халқаро валюта жамғармасидан 1,1 миллиард доллар молиявий ёрдам олган. Ҳукуматнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, тошқинлардан кўрилган зарар 10 миллиард доллардан ортиқни ташкил қилган.

Фото: аа.cоm.tr

Муаллиф: Рустем Қожибаев


Сўнгги хабарлар