Педагог статуси тўғрисидаги Қонун қабул қилинди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Бугун Парламент Сенатининг ялпи мажлисида «Педагог статуси тўғрисида»ги ҚР Қонуни қабул қилинди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«21 моддадан иборат қонун ярим миллиондан зиёд маориф соҳаси вакилларига тааллуқлидир. Ҳужжатда устозлар ҳуқуқларини кенгайтириш, уларни ўзларига хос бўлмаган ишларга жалб қилмаслик, юкламасини камайтириш; муаллим фаолиятига қўйиладиган талабларни кучайтириш; номоддий рағбатлантириш механизмлари; моддий рағбатлантириш босқичлари белгилаб қўйилган», - деди ҚР Таълим ва фан вазири Асхат Аймағамбетов.

Унинг айтишича, муаллимларнинг ўзларини ривожлантиришига, шахсий профессионал малакасини оширишига катта эътибор берилмоқда.

«Педагог статусини кўтариш унинг фаолиятига қўйиладиган талабларни кучайтиришни талаб қилади. Бундан ташқари, аҳлоқ масалаларига алоҳида эътибор берилган. Ҳар бир таълим муассасасида этика кенгашлари жорий қилинади», - деди вазир.

А.Аймағамбетовнинг таъкидлашича, муаллимларнинг болаларига боғчадан биринчи навбатда ўрин бериш нормаси киритилган. Шунингдек, барча педагоглар эндиликда 56 кунлик таътилга чиқиши мумкин.

Овул мактабида дарс берадиган педагогларга хусусий турар жой қурилиши учун ер участкасини олишига имтиёзлар берилади. Ҳудудидан қаътий назар, таълим муассасасида дарс берадиган эркак педагогларни ҳарбий хизматга чақиришни кейинга қолдириш нормаси ҳам киритилган.

«Давлатимиз раҳбарининг Август кенгашида берган топшириқларини бажариш доирасида тўрт йил ичида муаллимлар маоши икки баравар ошади. Масалан, янги йил январь ойидан бошлаб педагоглар маоши 25 фоиз ошади. Депутатлар томонидан маъқулланган келгуси йил бюджетида бу жиҳат эътиборга олинган. Биз январдан бошлаб ишга киришишга тайёрмиз», - деди Асхат Аймағамбетов.

Маълум бўлишича, мактабларда магистр даражаси бор ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўланади.

Таъкидлаб ўтамиз, «Қозоғистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига педагог статуси, ўқувчи ва муаллим юкламасини камайтириш масалалари бўйича ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қозоғистон Республикаси Қонуни ҳам иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов

Сўнгги хабарлар