Пандемия: Қозоғистон Президенти Хитой билан чегарадаги вақтинчалик чекловлар тез орада тугатилишига ишонч билдирди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев IV Хитой халқаро импорт товарлари кўргазмасининг очилиш маросимида видеомурожаат қилди, деб хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.

Қасим-Жомарт Тоқаев ўз видеомурожаатида иштирокчиларни IV Хитой халқаро импорт товарлари кўргазмасининг очилиши билан табриклади.

– Жорий йилда дўст халқларимиз ўз тарихида муҳим босқичга эришди. Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллиги. Хитой Коммунистик партияси ташкил топганига 100 йил тўлди. Икки ойдан кейин яна бир муҳим воқеани нишонлаймиз. Қозоғистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади. Бугун ишонч билан айта оламанки, бизнинг кенг қамровли ва абадий стратегик шериклигимиз пишиб, янги босқичга қадам қўйди. Тез ривожланаётган Хитой доимо Осиёдаги энг муҳим ва ишончли ҳамкоримиз бўлиб қолади, – деди Қозоғистон Президенти.

Давлат раҳбари ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорлик кенг Евроосиё қитъасида биргаликдаги тараққиёт ва фаровонликка йўл очаётганини таъкидлаб, савдо-иқтисодий муносабатлар интеграциянинг мустаҳкам пойдевори эканлигини ва келажакда ҳам шундай бўлишини таъкидлади.

– Қийинчиликларга қарамай, оғир 2020 йилнинг ўзида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5 фоизга ошиб, 15 миллиард доллардан ошди. Қадимги хитой мақоли бор: «Шамол эсса, кимдир девор қуради, бошқалари шамол тегирмонини қуради». Пандемия сабабли Қозоғистон-Хитой чегарасида жорий қилинган вақтинчалик чекловлар тез орада якунланади ва айирбошлаш қайта тикланади, деб ишонамиз», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Қозоғистон Президенти ўзининг қутлов нутқида савдо доимо фаровонлик ва халқаро ҳамкорликнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб келгани, бу тамойил асрлар давомида Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган минтақамиз учун айниқса муҳим эканини таъкидлади.

– Ушбу қадимий савдо йўли раис Си Цзиньпиннинг «Камарлар ва йўллар» кенг кўламли ташаббуси туфайли қайта тикланди. Бугунги кунда Қозоғистон орқали ҳар йили Хитойдан Европага 500 мингдан ортиқ контейнер ташилади. Қуриқ денгиз порти ишга туширилгандан сўнг Ляньюнган-Карс транспорт йўлаги орқали Қорғасдан Истанбулга етказиб бериш муддати беш баробарга, яъни 60 кундан 13 кунга қисқарди. Биз Қорғасдан ташқари қатор қўшни давлатлар билан янги трансчегаравий хаб қурмоқдамиз, – деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев бутун дунё бўйлаб тарқалган коронавирус эпидемияси глобал савдо тармоғи ишига жиддий таъсир кўрсатганини таъкидлади. Шунингдек, у Қозоғистон мунтазам транзит йўналишини мустаҳкамлаш ва диверсификация қилиш ҳамда инновацион логистика усулларини жорий этиш бўйича барча манфаатдор томонлар билан яқин ҳамкорликни давом эттиришини айтди.

– Бугун ўз эшикларини очган Хитой халқаро импорт товарлари кўргазмаси бутун дунё экспортчилари учун ҳақиқий марказга айланди. Ушбу муҳим тадбирда 120 дан ортиқ давлатдан ишлаб чиқарувчилар иштирок этмоқда. Бу Шанхай кўргазмаси Хитойнинг улкан бозорига «олтин дарвоза» эканлигини яққол кўрсатади. Мазкур кўргазмада Қозоғистондан 30 та йирик ишлаб чиқарувчи иштирок этмоқда. 100 миллион доллардан ортиқ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш бўйича шартномалар имзолаш режалаштирилган, — деди Қозоғистон Президенти.

Қозоғистон Президенти ўз нутқини якунлар экан, Шанхай кўргазмаси иштирокчиларига муваффақият тилади ва ўзаро манфаатли савдо алоқалари уфқлари кенгайишига умид билдирди.

Сўнгги хабарлар