Овул ўқитувчиси «Болашақ» дастури бўйича АҚШнинг энг яхши университетига ўқишга кирди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Алмати вилояти Ўзинағаш овулидаги умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Гулзия Қурманқан «Болашақ» халқаро стипендияси соҳибаси бўлди. Гулзия АҚШнинг етакчи университетларидан бири – Жанубий Флорида университетида «Математик таълим» йўналиши бўйича магистратурада таҳсил олади, дея хабар беради Kazinform «Болашақ» стипендияси сайтига таяниб.

Ўқитувчи Интернетдаги онлайн дарслар ва маърузалар ёрдамида инглиз тилини нол даражадан мустақил равишда ўрганди. Гулзия ҳар куни 5-6 соат вақтини тил ўрганишга сарфлаган. Шу туфайли у IELTSда 9 баллдан 7 балл тўплади.

«Ўз она қишлоғимни тарк этмай, «Болашақ» стипендияси учун танловдан муваффақиятли ўтдим. Мен ҳозир ишлаётган оддий қишлоқ мактабида ўқиганман ва дунёнинг энг яхши университетида ўқиш имкониятига эга бўлишимни хаёлимга ҳам келтирмасдим. Ишончим комилки, билим ва ўзингизга бўлган ишонч ҳар доим хоҳлаган нарсангизга эришишингизга ёрдам беради. Мен шогирдларим ҳам дунёдаги энг яхши таълим олиш имкониятига эга бўлишларини истайман. Умид қиламанки, кўпчилик менинг мисолимдан илҳом олади», - деб ўртоқлашди Гулзия Қурманқан.

Хорижда кадрлар тайёрлаш республика комиссиясининг қарори билан 2022 йилнинг биринчи гуруҳида 199 нафар қозоғистонликка стипендия тайинланди. Шулардан 23 нафари мактаблар ва ОТМ ўқитувчиларидир.

Жорий йилда магистратура ва резидентурага 385 та, докторантурага 60 та стипендия ажратилган бўлса, жорий йил якунига қадар Республика комиссиясининг яна иккита йиғилиши бўлиб ўтади. «Болашақ» халқаро стипендияси танловида иштирок этиш учун ҳужжатлар жорий йилнинг 14 октябрига қадар қабул қилинади.

Фото: bolashak.gov.kz

Сўнгги хабарлар