Олимлар йўқ бўлиб кетган Тасмания йўлбарсини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда
18 Август 16:51

Олимлар йўқ бўлиб кетган Тасмания йўлбарсини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда

NUR-SULTAN. Кazinform – Австралия ва АҚШ тадқиқотчилари гуруҳи йўқ бўлиб кетган Тасмания йўлбарслари популяциясини жонлантириш лойиҳасини бошлади. Чўнтакли бўрилар ёки тилацинлар деб аталадиган бу йиртқичларнинг охиргиси ўтган асрнинг 30 йилларида ҳалок бўлган, деб хабар беради Кazinform BBCга таяниб.

Лойиҳа Мельбурн ва Гарвард университетлари профессори, инсон геномини декодлаш лойиҳаси яратувчилардан бири Жорж Черч томонидан асос солинган Американинг Cоlossal Biosciences биотехнология компанияси томонидан амалга оширилади.

Лойиҳада иштирок этган олимларнинг фикрича, ҳайвонни илдиз ҳужайралари ва геномни таҳрирлаш ёрдамида тиклаш мумкин: ўхшаш ДНКга эга бўлган тирик марсупиаллардан ҳужайралар олиниб, сўнгра йўқолиб кетган турни ёки иложи борича унга яқинроқ бўлиш учун қайта ишланади.

Тадқиқотчилар биринчи тикланган ҳайвонни тахминан ўн йил ичида табиатга қўйиб юбориш ниятида.

Жараён бир қатор илмий ютуқларни талаб қилади ва агар муваффақиятли бўлса, йўқ бўлиб кетган биологик турни реанимация қилишнинг биринчи ҳолати бўлади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тилацинни қайта тиклаш лойиҳаси 75 миллион долларга тушади. Лойиҳани молиялаштиришда 2017 йилда биринчи биткоин миллиардерларига айланган ака-ука Кемерон ва Тайлер Уинклвосс ҳамда Маrvel филмида Тор ролини ижро этган актёр Крис Хемсворт иштирок этмоқда.

Тасмания йўлбарсларини жонлантириш ғояси 20 йилдан бери олимларнинг хаёлида. 1999 йилда Сиднейдаги Австралия музейи йиртқични клонлашга уринди. Ўшандан бери мавжуд ҳайвонлар намуналаридан ДНКни ажратиб олиш ёки тиклаш учун бир нечта уринишлар қилинган.

Мельбурн университети профессори, эволюцион биолог Эндрю Паск: «Гап бу кашфиётнинг мумкин бўлишида эмас, балки қачон бўлишидадир».

Бироқ, бу лойиҳани илмий фантастика деб ҳисоблайдиган мутахассислар бор.

Фото: gettyimages.cоm


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив