Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти – Елбасы Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни президентлик сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади ва унга қардош Ўзбекистон халқи фаровонлиги йўлидаги бунёдкорлик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади, дея хабар беради Kazinform Биринчи Президентининг расмий сайтига таяниб.

«Сайловолди ташвиқоти жараёнида Сиз таклиф этган «Янги Ўзбекистон» стратегик дастурида аниқ мақсад ва йўналишлар кўрсатилган. Одамлар давлат қай йўналишда бораётганини кўришлари керак. Ўз вақтида мен ҳам «Қозоғистон – 2030» стратегиясини, кейин эса мамлакатни 2050 йилгача ривожлантириш дастурини илгари сурганман. Биласизки, мен давлат раҳбари сифатида барча йиллар давомида мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга доимо эътиборни ошириб келганман», — деди Елбасы.

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти бугун икки давлат раҳбарлари ўртасида имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация қозоқ-ўзбек муносабатларида янги саҳифа очаётганини таъкидлади ва унинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.

«Бизни умумий тарих, маданият ва анъаналар боғлаб туради. Мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар жуда муҳим. Улар пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Биласизки, мен минтақамиздаги бешта давлатни иқтисодий кенгашга бирлаштиришга ҳаракат қилдим. Шунинг учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат кенгашини тузишни таклиф қилдим. Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур», - таъкидлади Нурсултон Назарбоев.

Ўз навбатида Ш.Мирзиёев Қозоғистон эришаётган барча ютуқлар Елбасынинг оқилона сиёсати самараси эканлигини таъкидлади. Бундан ташқари, Елбасынинг Қозоғистон-Ўзбекистон стратегик шериклик муносабатларини шакллантириш ва ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси қайд этилди.

«Мустақилликнинг 30 йили давомида бугунги муносабатларимизга пойдевор яратиб келдингиз. Сиз доимо мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар очиқ ва ишончли бўлишини хоҳлагансиз. Ўтган беш йил ичида эса бу соҳада катта ютуқ бўлганини кўрдик. Сиз билан ҳамкорликни бошлаганимизда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 317 миллион долларни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 4,5 миллиард доллардан ошади. Бугун Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаев билан биргаликда бу кўрсаткични 3-4 йил ичида 10 миллиард долларга етказиш бўйича олдимизга улкан мақсад қўйдик», - деди Ўзбекистон Президенти.


Сўнгги хабарлар