Нурсултон Назарбоев: Бирлиги мустаҳкам юртгина барча қийинчиликларни енгади

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти – Елбасы Нурсултон Назарбоев «Егемен Қазақстан» газетасида чоп этилган мақоласида Қозоғистон халқига, шу жумладан, зиёлилар, ёш авлод ва тадбиркорларга мурожаат қилди, деб хабар беради Kazinform.

Елбасы мақоласида бугунги кунда бутун дунё нотинч бўлиб, миллат саломатлигига хавф таҳдид қилаётган бир пайтда Қозоғистон халқини сабр-тоқатли бўлишга чақирди.

«Евросиё иқтисодий иттифоқининг ташкил этилиши, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари конференцияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг тарихий саммити, Астана иқтисодий форуми ва Жаҳон кўргазмаси - буларнинг Қозоғистон ва дунё ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ишончга асосланган иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. Ҳаётнинг ўзи, ҳозирги вазият, бизнинг бирлик ва ҳамжиҳатликка асосланган сиёсат олиб бориш ягона тўғри йўл эканлигини кўрсатди», - деди Нурсултон Назарбоев.

Биринчи Президент мустақиллик йилларида мамлакат иқтисодиёти диверсификация қилинганига тўхталиб ўтди.

«Мустақиллик йилларида биз иқтисодиётимизни диверсификация қилишга куч сарфладик. Ушбу мақсадга эришиш учун биз «Қозоғистон-2050« стратегиясини ишлаб чиқдик ва «Жадал индустриал-инновацион ривожланиш« дастури бўйича 1000дан ортиқ янги корхоналар очдик. Бунинг натижасида жаҳон миқёсида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва мамлакатга янги технологиялар кириб келди. Бу мамлакатни учинчи технологик модернизация қилиш учун йўл очиб берди», - деди у.

«Ҳозирги Қозоғистонни Совет Иттифоқи парчаланган 1990-йиллардаги Қозоғистон билан таққослаб бўлмайди. Ҳозиргидек қийин кунлар учун, келажак авлодлар учун тўпланган Миллий фондимизда ва олтин-валюта фондида 90 миллиард доллар бор. Бу ўз навбатида, ундан оқилона фойдаланиш орқали бугунги қийинчиликларни енгиш учун кенг имконият яратади», - деди Нурсултон Назарбоев.

Елбасы Давлат раҳбари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталди.

«Президент Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаев яқинда халққа мурожаатида барча ижтимоий гуруҳлар, тадбиркорлар ва қишлоқ хўжалигига турли хил ёрдам кўрсатилиши тўғрисида батафсил маълумот берди. Агар Қозоғистоннинг миллий иқтисодиётдаги ютуқлари ва юқорида айтиб ўтилган жамғарма яратилмаганида, бунинг имкони бўлмасди. Қачонлардир жамғармани одамларга улашиб бериш таклифи билан чиққанлар ҳам бўлди, аммо ҳаётнинг биз тўғри қарор қабул қилганимизни кўрсатди», - деди Нурсултон Назарбоев.

Елбасы мақоласида зиёлилар ва ёш авлодга, шунингдек, тадбиркорларга алоҳида мурожаат қилди.

«Мен авваламбор катта авлод ва зиёлиларга мурожаат қилмоқчиман: халқни бирдамликка, яхшиликка, хайрли ишларга, соғлом турмуш тарзига чорланг. Ёшларни ишлашга, маълумот олишга, илғор бўлишга ўргатинг. Келгуси авлодлар олдидаги масъулият бизни шундай йўл тутишга мажбур қилади.

Ёш авлодга айтаман: сиз мустақил юртда туғилиб-ўсдингиз. Сизлар – юрт таянчисизлар. Катта авлод сиз учун қўлидан келганини қилди ва энди меҳнат қилиш навбатида – сизда. Ёмон одатлардан қочинг ва яхшилик қилишга интилинг. Катталарни ҳурмат қилинг, кичикларни иззат қилинг, бир-бирингиз билан дўст бўлинг.

Тадбиркорларга айтмоқчиман: мустақиллик туфайли сиз ўз бизнесингизни шакллантирдингиз, бойлик орттирдингиз. Энди «Мен ўз юртимга нима бердим?« деб ўзингизга ҳисоб бериш вақти келди», - деди Биринчи Президент.

Нурсултон Назарбоев ўз илтимосига биноан, ватандошларига молиявий ва моддий ёрдам бераётган тадбиркорлар кўплигини қайд этиб, ушбу уйғун жараён ва эзгу иш давом этишига умид билдирди.

«Биз бирлиги мустаҳкам юртмиз. Мен доимо халқим билан бирга бўлганман ва бу сафар ҳам мен сизлар биланман.

Биз биргамиз. Келинг, таслим бўлмайлик, бирдамлигимизни йўқотмайлик. Шундагина биз муқаддас мустақиллигимизни сақлаб, муносиб равишда Қозоғистонни Абадий мамлакат қила оламиз», - деди Елбасы.


Сўнгги хабарлар