Нур-Султон шаҳрида биринчи геологик музей очилди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Бугун Нур-Султон шаҳрида биринчи геологик музейнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда ҚР Экология, геология ва табиий ресурслар вазири Мағзум Мирзағалиев ва шаҳар ҳокими Алтай Кўлгинов иштирок этди, деб хабар беради Kazinform.

Музей аҳолига, сайёҳларга ва чет эллик меҳмонларга Қозоғистоннинг ер ости бойликлари билан таништириш ва маърифий ишларни олиб бориш учун очилган. Бундан ташқари, ўқувчилар ва талабалар ўз тадқиқотлари учун зарур материалларни музейдан олишлари мумкин.

Мағзум Мирзағалиевнинг сўзларига кўра, музей геолог касбини тарғиб қилувчи ўқув маркази сифатида янада ривожлантирилиши керак.



«Маълумки, геология соҳасида муҳандислар етишмаяпти. Шу муносабат билан музей негизида Ер тўғрисида Илмий марказ очиш керак. Соҳа учун кадрлар захираси яратилади, ёш геологлар, ОТМ талабалари, ёш мутахассислар учун профессионал марказ яратилади. Шу билан бирга талабаларни диққатини геоэкология ва ер ости бойликлари муаммоларига жалб қилиш мумкин», - деди вазир.

Шунингдек, вазир, музей нафақат геологик ташкилотлар орасида муҳим ўрин, балки шаҳарнинг «визит картаси»га айланишига ишонч билдирди.

«Музейда геологик масалалар бўйича тематик экскурсиялар ҳам ўтказилиши керак», - деди вазир.

Очилиш маросимида музей раҳбари, Қозоғистонда хизмат кўрсатган геолог Олжабай Исмоилов Қозоғистондан ташқари Европа, Африка, Жанубий Америка ва Австралиядан экспонатлар мавжудлигини таъкидлади.

«Тўплам намуналарининг бир қисмини бизга геологик ҳамкасбларимиз берди. Музей фонди доимий равишда янгиланади ва янги нарсалар қўшилади. Сўнгги йилларда тўпламнинг нафақат илмий, балки эстетик аҳамиятига ҳам эътибор берилмоқда», - деди у.

Ҳозирда музейда минералогик ва палеонтологик тўплам, 19-20 асрлардаги геологик адабиётларнинг нашрлари, илгари ишлатилган геологик воситалар, замонавий фаунистика қолдиқлари мавжуд. Экспозицияда кристалларнинг, қимматбаҳо минералларнинг, палеонтологик қолдиқларнинг кристал намуналари мавжуд. Масалан, тоза олтин, кумуш, темир, зумрад, эвдиалит, аметист, топаз, танзанит, чароит, нефелин, минерализацияланган ёғоч ва бошқаларни мисол келтириш мумкин. Музейдаги экспонатларнинг умумий сони 750 тани ташкил этади.





Сўнгги хабарлар