Нур-Султанда яқин келажакда қандай иншоотлар қурилади
6 Июль 13:10

Нур-Султанда яқин келажакда қандай иншоотлар қурилади

NUR-SULTAN. Кazinform – Бугунги Пойтахт куни байрами муносабати билан Кazinform ўқувчиларга мамлакат пойтахти ҳақида қизиқарли маълумотларни тақдим этади. Шунингдек, Нур-Султан шаҳрида келгусида барпо этиладиган объектларнинг кўринишлари ва қурилиш жойлари ҳақида масъул соҳа вакилларидан маълумот олдик.

Пойтахт ҳудуди

Биз пойтахт ҳудудидан бошлашга қарор қилдик. Нур-Султан шаҳри ҳудудига 1700 та Ватикан давлати, 389 та Монако князлиги ва 37 та Науру Республикаси сиғади. Ҳудуд катта. Бироқ, пойтахт дунёдаги энг йирик шаҳарлардан бири бўлган Чунциндан (Хитой) тахминан 105 марта ва Ханчжоудан (Хитой) 16 марта кичикроқ. Мамлакат пойтахти 787 733 квадрат километр майдонни эгаллайди. Жорий йилнинг май ойидаги маълумотларга кўра, Нур-Султанда 1,2 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Шаҳар ҳудуди қандай ўзгарган? Энди тарихий маълумотларга тўхталиб ўтамиз. Масалан, пойтахт Алматидан Ақмолага кўчирилганда шаҳарнинг майдони 24 819 гектарни ташкил қилган. Шаҳар архитектура бошқармасидан маълум қилишларича, пойтахт ҳудуди шу пайтгача уч марта ўзгарган.

Биринчи марта 2000 йил 8 августда Целиноград ва Шортанди туманларининг айрим ерлари қўшилиши ҳисобига пойтахт ҳудуди 45195 гектарга кўпайди.

2013 йил 18 январда эса пойтахтнинг 17,1 гектар ер майдони Целиноград туманига ўтказилди. Аммо пойтахтга Целинограднинг бошқа қисмидан ҳам шунча ер берилган. Шундай қилиб, пойтахт ҳудудининг катталиги бу сафар ҳам ўзгаришсиз қолди.

Ваҳоланки, бундан 5 йил аввал Целинограднинг 8719 гектар майдони Нур-Cултанга ўтказилган. Архитектура бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда пойтахтнинг умумий майдони 78 733 гектарни ташкил этади.

Пойтахтда қуриладиган бинолар

Пойтахтни 2030 йилгача ривожлантириш бош режасида Нур-Султан Евроосиёнинг бизнес, маданий ва илмий маркази бўлиши кераклиги айтилган.

Шаҳар архитектура бошқармаси пойтахт инфратузилмасини ривожлантиришда машҳур япон меъмори Кисё Курокаванинг режаси ва ғояси сақланиб қолинишини маълум қилди. Яъни табиат уйғунлиги ва инсоннинг доимий алоқаси пойтахт тимсолида акс этиши керак.

Нур-Султон кўп марказли мегаполисга айланади. Ҳар бир туман ҳудудида иш ўринлари, маданият ва дам олиш масканлари, ўша маскан аҳолисига яқин бўлган савдо марказлари мавжуд. Шунингдек, бир-биридан алоҳида жойлашган барча туманлар йўллар билан боғланган.

Энди пойтахтда қуриладиган объектларни тилга олсак. Масалан, Нур-Султан шаҳридаги «Мыңжылдық» хиёбонининг қурилиши давом этмоқда. Келгусида бу ерда турар-жой мажмуалари, маданий-маърифий, соғлиқни сақлаш муассасалари, боғ ва хиёбонлар барпо этилади.

Бундан ташқари, «Хан Шатыр» савдо-кўнгилочар маркази ғарбий қисмида уй-жой, ижтимоий-маданий объектлар қурилади. Шунга кўра, муҳандислик-транспорт инфратузилмаси ривожлантирилади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда «Мәңгілік ел» шоҳ кўчасидаги объектлар ва бошқа инфратузилмаларни ривожлантириш чора-тадбирлари кўрилди. Бу ишлар натижасида аэропортдан шаҳарга олиб борувчи йўллар бўйлаб баланд бинолар барпо этилади. Хусусан, турар-жой ва жамоат объектлари қурилади. Энг баланд бино 7 қаватли бўлиши режалаштирилган. Афтидан, масъул идоралар қурилиш ишларини бошлашдан аввал хориж тажрибаси ва меъморчилик намуналарини инобатга олган.

Ҳозирги вақтда қурилиши мумкин бўлган биноларнинг фасадларини безаш услуби қатъий белгиланган. Архитектура бошқармаси маълумотларига кўра, биноларда миллий нақш элементлари тасвирланган. Улар гранит, мармар, травертин, металл, бронза, толали бетон каби қурилиш материалларидан тайёрланади.

Бошқарма маълумотларига кўра, шаҳарни ривожлантириш режасида фақат чап қирғоққа устуворлик берилмаган. Ўнг қирғоқдаги объектлар ҳам капитал таъмирланади. Бунинг учун бугунги кунда ҳам мунтазам ишлар амалга оширилмоқда, – деди мутасадди соҳа вакиллари.

Шаҳарнинг Бош режасига кўра, пойтахт ҳудуди 6 та режалаштириш туманига бўлинган. Яъни, бу масканларда ҳар йили режага кўра янги иншоотлар барпо этилиб, инфратузилма яхшиланади. Ҳар бир ҳудудда йирик маъмурий марказлар ташкил этилган. Хусусан, аҳолининг шаҳар марказига тез кўчишини секинлаштириш мақсадида шаҳарни бир неча режалаштириш туманларига бўлиш амалга оширилди.

Режалаштириш зоналаридаги объектлар орасида савдо, бизнес, автотураргоҳ ва йўллар, маданият ва кўнгилочар марказлар, шунингдек, спорт мажмуалари мавжуд. Келинг, ҳар бир режалаштириш туманлари, келажакда қурилиши мумкин бўлган бинолар ва бошқа объектлар ҳақида алоҳида гапирайлик.

Марказ режалаштириш тумани

Туманнинг майдони - 6506 га. 14 та автомагистрал мавжуд. Келгусида ушбу ҳудудда 10-17 қаватли бинолар қуриш режалаштирилган. Улар Богенбай ботир, Сариарқа, Республика, Мустақиллик, Б. Момишули, Қабанбай ботир, Абилайхон шоҳ кўчалари ҳамда Асан Қайғи, Кенесари, Сарайшиқ, Ақжол, Ш.Бейсеков кўчалари бўйлаб қурилади.

Шунингдек, Уалиханов, Кенесари, Ш.Жиенқулова, Сембинов кўчаларидаги эски уйларни бузиб, қисқа муддатда 18 қаватли уй қуриш режалаштирилган. Саноат ва корхоналар, технопарк, «Жанубий» ва «Степной» гараж кооперативлари ҳудудидаги эскирган кам қаватли уйлар бузилади. Унинг ўрнига 17 қаватли уй-жой қурилиши режалаштирилган.

Жануби-Шарқий режалаштириш тумани

Жануби-Шарқий режалаштириш туман ҳудуди - 18818 га. Бу ҳудуднинг жанубий чегараси темир йўл тармоғи, шарқий чегараси эса Турон ва Сиғанақ шоҳ кўчаларидир. Асосий кўчалари — Қалдаяқов, Ўринбор ва 24. Туман маркази — «Мыңжылдық» хиёбони.

Ушбу туманнинг энг жозибали жойларидан бири «Мыңжылдық» хиёбони бўлади. У Тинчлик ва келишув саройидан бошланиб, Нурли вокзалига қадар бўлган масофани қамраб олади. Архитектура бошқармаси маълумотларига кўра, хиёбон бўйлаб 2-3 қаватгача бўлган турар-жой бинолари, жамоат объектлари қурилади.

Ушбу ҳудудда жойлашган ноёб объектлар: халқаро даражадаги хизматларга эга тиббий кластер, спорт тадбирлари учун 30 минг ўринли арена, ёпиқ конькида учиш стадиони, велосипед йўли.

Жануби-ғарбий режалаштириш тумани

Жануби-ғарбий режалаштириш туманининг майдони - 17 095 га. Туман Сиғанақ, Турон шоҳ кўчалари ва Бейсеков кўчаси билан чегарадош. Унинг маркази Қорғалжин автомагистралидан ҳалқа йўлигача бўлган масофа. Шунингдек, у «Ильинка» турар-жой массиви майдонини ҳам ўз ичига олади.

Архитектура бошқармасидан маълум қилишларича, бу ерда қишки ва ёзги спорт турлари учун очиқ ва ёпиқ иншоотлар, ҳайвонот боғи, космик марказ, дам олиш ва оммавий кўнгилочар масканлар барпо этилади. Қайд этиш жоизки, ушбу ҳудудда тарихий обида – қадимий Бозоқ шаҳарчаси жойлашган.

Шимоли-ғарбий режалаштириш тумани

Режалаштириш тумани ҳудуди - 8160 га. Туман ҳудудининг қарийб ярмини саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари эгаллаган бўлиб, жанубдан Есил дарёси, шарқдан Бейсеков кўчаси, шимоли-шарқдан Ишлаб чиқариш магистрали билан чегарадош. Бу ерда шаҳар қабристони жойлашган. Қостанай ва Кўкшетау йўналишларида ҳам темир йўл бор.

Мазкур ҳудуддаги Сари Булақ булоғига туташ ҳудудда кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Архитектура бошқармаси у ерда мактабгача таълим муассасалари ва таълим муассасалари қурилиши бошланишини маълум қилди.

Шимол режалаштириш тумани

Туман 10135 гектар майдонни эгаллайди. Бу ҳудуд Ўндирис ва Алаш автомобил йўллари ҳамда Ақжол кўчаси чегарасида жойлашган. Саноат ва ишлаб чиқариш объектлари ҳам шу ҳудудда жойлашган. Режага кўра, бугунги кунда Шимолий режалаштириш туманидаги эскирган хусусий уйларни бузиш таклиф этилади.

Бундан ташқари, архитектура бошқармаси бу ерда жойлашган К-1 айланма йўлагигача кам қаватли бинолар қурилишини маълум қилди. Мазкур туман мактаб ва боғчалар билан тўлиқ таъминланиши режалаштирилган.

Шимоли-Шарқий режалаштириш тумани

Бу ҳудуд Алаш магистралининг шарқий қисмида ва темир йўл линиясининг шимолий қисмида жойлашган. Бошқарма маълумотларига кўра, йўловчи ташиш учун фақат темир йўл линияси бўлади. Туман шимолида янги ярим айланма йўл қурилиши режалаштирилган. У ерда қўшимча юк терминаллари қурилади. Айни пайтда ушбу ҳудудда 1-сонли замонавий инновация парки жойлашган.

Яқин 13 йилда хусусий уй-жойлар қурилади

Шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Заречний қишлоғида шаҳар бош режаси бўйича хусусий уйлар қурилади. Жумладан, 2025 йилга қадар 30,7 гектар, 2035 йилга қадар яна 18,5 гектар хусусий уй-жойлар бузилиб, ўрнига янги бинолар қуриш режалаштирилган. Шаҳар архитектура бошқармаси маълумотларига кўра, Кўктал хиёбони яқинида жойлашган ёзги уйлар ҳам бузилади. Масалан, яқин уч йилда 189-кўчадан пастда жойлашган 67,3 гектар майдон қурилади, 2035 йилга бориб эса 189-сонли кўчанинг юқори қисмининг умумий майдони 63,4 гектарни ташкил этади.

Уй-жойга эҳтиёж ортади

Архитектура бошқармаси маълумотларига кўра, айни пайтда Нур-Султан шаҳрини 2035 йилгача ривожлантиришнинг Бош режаси ишлаб чиқилмоқда. Бу шаҳар аҳолисининг ҳисоб-китобларини ҳисобга олади. Масалан, 2030 йилга бориб пойтахт аҳолиси сони 1,65 миллионни, 2050 йилга бориб эса 2,4 миллионни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Ушбу прогнозларга кўра, 2035 йилга келиб уй-жойга бўлган эҳтиёж 68,2 миллион квадрат метрни ташкил қилади. Яъни, яқин 13 йилда қўшимча 41,3 миллион квадрат метр уй-жой қуриш зарур. Хусусан, йилига 3 миллион квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллайдиган турар-жой биноси қурилиши керак.

Архитектура бошқармаси маълумотларига кўра, 2035 йилгача уй-жой қуриш учун олдиндан белгиланган майдонлар:

- Қурилиш Қарағанди шоссесининг жанубида жойлашган «Миллениум» хиёбони ва «Метро» савдо маркази яқинида амалга оширилади. У ерда 1020 гектар майдонда 4803,5 минг квадрат метр уй-жой қурилади. Бу 130 минг кишини уй-жой билан таъминлайди.

– «Тельман» турар-жой массивининг жанубий қисмида 928 гектар майдонда 70 минг ўринга мўлжалланган турар-жой мажмуалари қурилади.

– Нур-Султан шаҳрида 130 минг аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида «Мәңгілік ел» шоҳ кўчаси бўйлаб 117,6 минг квадрат метр майдонда кўп қаватли уйлар қурилади.

– Турон шоҳ кўчасининг ғарбий қисмида 1066 гектар майдонда 120 минг кишига мўлжалланган уй-жой қуриш режалаштирилган.

– Асан Қайғи кўчаси бўйлаб кўп қаватли уйларни таъмирлаш режалаштирилган. Шунингдек, ушбу ерларда 30,7 минг кишини жойлаштириш учун 1071,5 квадрат метр уй-жой қуриш режалаштирилган.

Сўнгги 10 йилда қурилган йўллар

Шаҳар архитектура бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда пойтахтда 868,3 километр йўл бор. Сўнгги 10 йилда 100 километрдан ортиқ йўл қурилди.

Муаллиф: Алихан Асқар


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив