Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан амнистия: Қозоғистонда қанча одам қамоқдан чиқади

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаев мамлакат Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган амнистия актига кўра, қайси тоифадаги ва қанча маҳкум озод этилишини маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан фуқаролар ва бутун давлат учун хавф туғдирмайдиган жиноят содир этган шахсларни амнистия қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қозоғистон Республикасининг «Aмнистия тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

«Ўртача оғир ва енгил жиноят содир этган шахслар амнистияга лойиқдир. Кейин вояга етмаганлар, кексалар, I ва II гуруҳ ногиронлари ҳамда ҳомиладор аёллар, вояга етмаган боласи бор аёллар тоифалари аниқ белгилаб олинди», — деди Е. Турғумбаев Хабар телеканалидаги «Ұлттық мүдде»(Миллий манфаат)кўрсатувида.

Вазирнинг сўзларига кўра, амнистия туфайли мингга яқин маҳкум ва 3000 дан ортиқ пробация назоратидаги шахслар озод қилинади.

«Шу билан бирга, амнистиянинг иккинчи қисми озодликдан маҳрум қилиш муддатини қисқартиришга қаратилган. Шу тариқа, жазони ижро этиш муассасаларидаги 1300 нафар ва шартли равишда ўтирган 7000 нафар шахснинг жазо муддати қисқартирилади. Жумладан, 12 нафар вояга етмаган маҳкумларнинг муддатлари қисқартирилади. Учинчи қисм эса процессуал жиноят ишлари билан боғлиқ бўлади. Ҳозирда 5 мингга яқин жиноят иши кўриб чиқилмоқда, 316 нафар шахс амнистия моддалари билан қамоққа олинган. Улар айбини тан олишлари ва кечирим сўрашлари мумкин. Агар улар айбига иқрор бўлмаса, тергов давом этади», деди Е. Турғумбаев.

Муаллиф: Aйжан Серикжанқизи

Сўнгги хабарлар