Мустақилликнинг 30 йиллиги: ҚР Президенти номига хорижий давлатлар раҳбарларидан телеграммалар келиб тушмоқда

None
None
NUR-SULTAN. Кazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев номига Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан хорижий давлатлар раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан табрик телеграммалари келиб тушмоқда. Бу ҳақда Kazinform Ақордага таяниб хабар беради.

Хусусан, Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Ин Корея халқи номидан самимий табрик йўллади.

«Мамлакатларимиз турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Хусусан, ўзаро ташрифларимиз ва генерал Хон Бом До жасадининг ўз тарихий ватанига қайтарилиши икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш имконини берди, деб ҳисоблайман. Келгуси йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади. Умид қиламанки, биз бундан буён ҳам икки давлат ўртасидаги узоқ муддатли дўстона муносабатларни ривожлантириб, халқларимиз алоқалари ва ҳамкорлигини чуқурлаштирамиз», - дейилади телеграммада.

Сингапур Президенти Ҳалима Ёқуб ўз табригида Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистон халқини Мустақилликнинг 30 йиллиги билан табриклаб, икки давлат ўртасида яқин ҳамкорликни фаоллаштириш имконияти мавжудлигини таъкидлади.

«Сингапур ва Қозоғистон ўртасида олий даражадаги мустаҳкам ва шахсий алоқалар орқали мустаҳкамланган чинакам дўстона муносабатлар ўрнатилди. Икки давлатнинг халқаро савдонинг асосий транзит марказлари сифатида стратегик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда, биз юк ташиш алоқаларини ривожлантиришдан ўзаро манфаатдормиз», - деб ёзган Сингапур Президенти.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам Қозоғистоннинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришган муҳим ютуқларини қайд этиб, ўз табрик ва эзгу тилакларини йўллади.

«Ишончим комилки, бизнинг ўзаро саъй-ҳаракатларимиз Арманистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳам икки томонлама, ҳам ҳамкорлик бирлашмалари ва кўп томонлама ташкилотлар доирасидаги муваффақиятли ҳамкорликни янада ривожлантиришга йўналтирилади. Буларнинг барчаси икки мамлакат халқлари манфаатларига жавоб беради», - дейилади телеграммада.

Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан Уммон султони Ҳайсам Бин Тариқ, Непал Президенти Бидхья Деви Бхандари, Австралия Бош вазири Скотт Моррисон, Исроилнинг собиқ бош вазирлари Биньямин Нетаньяху ва Эхуд Ольмерт, БМТнинг Женевадаги бўлими бош директори Татьяна Валовая, ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус, Россия Федерацияси Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин, «Mabetex Group» компанияси президенти Африм Паколли ва бошқалар ўз табрикларини йўллади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистон халқи номига хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан табрик мактублари ва телеграммалари бунга қадар ҳам келиб тушган эди .

Сўнгги хабарлар