Мустақиллик тўғрисидаги Конституциявий қонун қабул қилиниши осон бўлмаган - Нурсултон Назарбоев
6 Декабрь 12:22

Мустақиллик тўғрисидаги Конституциявий қонун қабул қилиниши осон бўлмаган - Нурсултон Назарбоев

NUR-SULTAN. Kazinform – Мустақилликка тинч йўл билан эришган бўлсак-да, бу йўлда кўплаб ота-боболаримизнинг қони тўкилди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Елбасы Нурсултон Назарбоев ўзининг «Мустақиллик ўқишлари» мақоласида ёзди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Кейинчалик тадқиқотчилар «мустақиллик марши» дея ном берган жараён 1989 йилда дастлаб Болтиқбўйи давлатларида бошланиб, кейин Кавказда, сўнгра бутун Совет Иттифоқида рўй берди. 1990 йил охирига келиб Иттифоқнинг барча 15 республикаси ўз мустақиллигини эълон қилишга улгурса-да, бироқ Эстония, Литва ва Латвиядан ташқари 12 та республика ҳамон Иттифоқ таркибига кирарди. Горбачёв Иттифоқни сақлаб қолиш учун қанчалик уринмасин, СССРнинг кейинги парчаланишини тўхтатиб бўлмасди. 1991 йил 18-21 августда машҳур «Август қўзғолони» содир бўлди. Бу совет раҳбариятининг ночорлигини бутун дунёга фош қилди. Натижада 1991 йил август-декабр ойларида қолган барча республикалар ўз мустақиллигини эълон қилдилар. Сиёсий ҳарорат кўтарилган, Горбачёв ва Елцин рақобати авжига чиққан бир паллада, Қозоғистон томонидан қилинган ҳарбир хато катта фожиаларга олиб келиши мумкин эди. Менга жасорат билан ҳаракат қилиш учун умуммиллий мандат керак эди. Шундай қилиб, 1991 йил 1 декабрда мамлакат тарихида илк бор Президент сайлови бўлиб ўтди ва унда аҳолининг 98 фоиздан ортиғи қўллаб-қувватлади. Бу мени қанотлантирди ва эркин ҳаракат қилишимга имкон берди», - деб ёзди Президент.

Сайловдан икки кун ўтиб, 3 декабр куни Европа парламентининг М.Хофф бошчилигидаги катта делегацияси Алматига етиб келди ва Қозоғистоннинг янги сайланган президенти Нурсултон Назарбоевни Брюсселга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.

Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президентининг сўзларига кўра, орзиқиб кутилган кун келди ва 1991 йил 14 декабрда 12 чақириқ Жоғарғы Кеңеснинг 7-сессиясида «Қозоғистоннинг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги Конституциявий қонуни қўйилди.

«Мамлакатнинг етакчи ҳуқуқшунослари иштирокида дастлабки таҳлилдан ўтказилган қонун зудлик билан тасдиқланиши керак эди. Қолаверса, бошқа республикаларда ҳам бундай қонунлар аллақачон қабул қилинганди. Аммо воқеалар биз кутганимиздан бошқача чиқди. Парламент залида вице-президент Е.М.Асанбаев бўлса-да, мен кабинетимдаги мулоқот орқали муҳокамани диққат билан кузатиб бордим. Эсимда, кун тартиби эълон қилиниши биланоқ депутатлардан бири: «Биз кимдан ва нимадан мустақиллик эълон қиламиз?! Биз 70 йилдан бери ўзимиз танқид қилиб келаётган Россия империяси намунасида қозоқ империясини қуришга ҳаракат қилмаяпмизми?» деди. Кўп ўтмай унга яна бир депутат қўшилди: «Биз мустақил давлат эълон қилиш масаласини муҳокама қилмоқдамиз. Эртага эрталаб 17 миллион аҳолининг ярми – русийзабон жамият бошқа давлат фуқаросига айланади. Ўртоқлар, буни қилиш мумкин эмас», - деди у. Албатта, бундай «дадил» гаплар ортида қўлтиғига сув пуркаган ташқи кучлар турганини дарров англадим. Лекин мен хато қилишга ҳаққим йўқлигини билардим ва ғазабимни ақлга енгдирдим «, - деди Елбасы.

Нурсултон Назарбоевнинг сўзларига кўра, ўша даврдаги Олий Кенгаш депутатлари, эл оқсоқоллари, таниқли ҳуқуқшунослар, олимлар С.Зиманов, С.Сартаев, А.Кекилбаев, М.Қўзибаев, У.Жолдасбеков ва бошқаларнинг асосли жавобларига қарамай, икки кун муҳокама қилган депутатлар бир фикрга кела олишмади.

«Муҳокама тўхтаб қолганда, 16 декабр куни тушдан кейин мен Олий Кенгашга келиб, Қозоғистон халқи ва бутун дунё уларнинг қарорини кутаётганини айтиб, депутатларга вазиятни тушунтирдим. Бу ҳамма диққат билан ўқиб чиқадиган муҳим қонун. Сайловолди дастуримнинг, ҳал этишга интилаётган барча масалаларнинг мазмун-моҳияти шундан иборат. Асосий масала давлат мустақиллиги масаласидир. Муболаға ёки маъносиз сўзларни қўшишнинг ҳожати йўқ. Бундай ҳолатда қонун кўпчилик овоз билан қабул қилиниши керак, деб ҳисоблайман. Барчангиздан бунга содиқ бўлишингизни сўрайман» дедим. Бу нутқдан сўнг бир қатор депутатлар норозилик билдирса ҳам, аммо қонун лойиҳаси кўпчилик овоз билан қабул қилинди. Бу узоқ кутилган лаҳза, тарихий воқеа эди», - деди Қозоғистоннинг Биринчи Президенти.

Мавзуга оид

Янгиликлар

Архив