Мухтар Авезовнинг 125 йиллиги: Бугун қозоқ адабиётининг ёрқин намояндаларининг таваллуд куни

None
ASTANA. Kazinform - Бугун таниқли қозоқ ёзувчилари Мухтар Авезов, Шерхан Муртаза ва Оралхан Бўкей таваллуд топган кун, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Абай йўли» роман-эпопеяси орқали буюк қозоқ шоирига мангу ёдгорлик яратган Мухтар Авезов 1897 йил 28 сентябрда Чингиз волости, собиқ Семей уезди, Қасқабулақда туғилган.

У болалигида Семейдаги мадрасада, кейин беш синфли рус мактабида, 1915-1919 йилларда муаллимлар семинариясида таҳсил олган.

1917 йилда семинарияда ўқиб юрган кезларида халқ афсонаси асосида «Енлик-Кебек» пьесасини ёзади.

Семей ва Оринборда (Оренбург) турли лавозимларда ишлаб юрган чоғида «Алаш» партиясининг етакчилари Алихан Бўкейханов, Ахмет Байтурсинов, Миржақип Дулатов каби қозоқ арбоблари билан яқиндан мулоқотда бўлган, «Абай» журналини чиқаришда иштирок этган.

1923-1928 йилларда Ленинград университетида таҳсил олиб, тил ва адабиёт факультетини тамомлаган. Шундан сўнг Тошкентдаги Ўрта Осиё давлат университетининг аспирантурасида Шарқ халқ оғзаки ижоди йўналишида таҳсил олди. Ленинградда (ҳозирги Санкт-Петербург) ўқишнинг сўнгги йилида давлат арбоби Турар Рисқуловнинг отаси Рисқул ҳақида «Қараш-Қараш воқеаси» номли тарихий қисса ёзган. Қозоқ киноси дурдоналаридан бири саналган «Кўксерек» фильмига асос бўлган машҳур қиссаси ҳам шу даврда ёзилган.

Ёзувчи 15 йил давомида машҳур «Абай йўли» роман-эпопеясини ёзди. Ҳозирда «Абай йўли» 30 дан ортиқ тилларга таржима қилинган.

Кўп жилдли «Қозоқ адабиёти тарихи»нинг (1960) илмий жиҳатдан айтганда, халқ оғзаки ижоди фанига асос солган, қозоқ халқ оғзаки ижодига бағишланган бўлимининг бош муаллифи ва муҳаррири бўлган. Қирғиз халқининг «Манас» достони бўйича монография ёзган.

Мухтар Авезов бошлаб берган, тугалланмай қолган Рисқуловлар сулоласининг кураши тарихини яна бир машҳур адиб Шерхан Муртаза давом эттирди.

Оралхан Бўкей, Фариза Онғарсинова, Ақселеу Сейдимбек, Мухтар Шаханов, Дидахмет Ашимхан, Темирхан Медетбек каби таниқли адибларнинг шаклланишига катта ҳисса қўшган Шерхан Муртаза таваллудига бу йил 90 йил тўлди.

Давлат арбоби Турар Рисқулов ва унинг отаси Рисқул образи асосида яратилган «Қизил ўқ», «Юлдуз кўприк», «Тамуқ» романлари муаллифи қозоқ драматургиясини «Сталинга мактуб», «Бешовлон мактуби», «Бешинчи бурчак» пьесалари билан бойитди.

Шерхан Муртаза 1932 йил 28 сентябрда Жамбил вилояти, Жуали тумани, Талапти қишлоғида туғилган. 2018 йил 8 октябр куни Алмати шаҳрида вафот этди.

1955 йилда бўлажак ёзувчи М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университетини тамомлаган.

1955-56 йилларда Қозоғистон давлат бадиий адабиёт нашриётида, 1956—60 йилларда ҳозирги «Жас Алаш», 1960-63 йилларда ҳозирги «Егемен Қазақстан» газеталарида мухбир, адабий ходим, муҳаррир бўлиб ишлаган. 1970-72 йилларда «Жазушы» нашриёти қошидаги болалар ва ўсмирлар адабиёти таҳририяти ва «Жалын» алманахида бош муҳаррири, 1972—75 йилларда «Жұлдыз» журнали бош муҳаррири бўлган. 1975-80 йилларда Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг 2-котиби, 1980-89 йилларда «Қозоқ адабиёти» газетасида бош муҳаррир, 1989-92 йилларда «Егемен Қазақстан» газетасининг бош муҳаррири, 1 «Қазақстан» давлат телерадиокомпанияси раиси сифатида ишлаган.

1990-1993 йилларда Қозоғистон ССР халқ депутати, 1994-1995 йилларда Қозоғистон Жоғарғы Кеңеси депутати, 1999-2004 йилларда Қозоғистон Парламенти Мажилисининг 2-чақириқ депутати бўлган.

Шерхан Муртазанинг машҳур шогирдларидан бири Оралхан Бўкейдир. Бугун унинг таваллудига 79 йил тўлди.

Ёзувчи Қозоғистон, Мўғулистон, Хитой, Россия чегаралари туташган жой қозоқ халқининг, туркийларнинг асл манзилгоҳи эканлигини исботлаш учун умрини сарфлаган. «Айпара ана», «Зымырайды пойыздар», «Атаукере», «Мұзтау» асарларида кўтарилган муаммолар қозоқ жамиятида ўз долзарблигини ҳали ҳам йўқотмаган.

Оралхан Бўкей 1943 йил 28 сентябрда Шарқий Қозоғистон вилояти, Қатонқорағай тумани, Чингизсой қишлоғида туғилган.

1961 йилда Султанмахмут Торайғиров номидаги Чингизсой ўрта мактабини тамомлаган, Алтай совхозида катта пионер гид, тракторчи бўлиб ишлаган. Оралхан Бўкей 1963-1969 йилларда С.М.Киров номидаги Қозоқ давлат университетининг журналистика факултетида сиртқи бўлимда таҳсил олди.

1965-1968 йилларда Большенарым туманидаги «Еңбек туы» газетасида корректор, таржимон, муҳаррир ўринбосари, Шарқий Қозоғистон вилояти «Коммунизм туы» (ҳозирги «Дидар») газетасида адабий ходим бўлган.

1968 йилда Шерхан Муртазанинг таклифи билан республика «Лениншіл жас» («Жас Алаш») газетасига келади. Шерхан Муртаза унинг моҳир журналист ва истеъдодли ёзувчи бўлиб етишишида катта рол ўйнади.

Оралхан Бўкей 1974-1983 йилларда «Жұлдыз» журналида наср бўлими мудири, 1983-1991 йилларда «Қазақ әдебиеті» газетаси муҳаррири ўринбосари, 1991-1993 йилларда бош муҳаррир бўлиб ишлаган.

Ёзувчи 1993 йил 17 майда Ҳиндистонда хизмат сафари чоғида вафот этди.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай


Сўнгги хабарлар