«MND France» компанияси Ўзбекистонда халқаро курорт қуради

None
Фото: UzA
TASHKENT. UzA-Kazinform – «Билдирсой – Чимён – Нанай» халқаро мавсумий курортини қуриш ва эксплуатация қилиш лойиҳа идораси» давлат унитар корхонаси томонидан «Чимён туристик зонасини қуриш» лойиҳаси доирасида эълон қилинган тендерда Франциянинг «Montagne et Neige Développement» (MND) компанияси ғолиб чиққан, дея хабар беради Kazinform UzA агентлигига таяниб.

Шу муносабат билан Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Франция ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилиши доирасида «Чимён» халқаро умуммавсумий курорти объектларини қуриш бўйича «Билдирсой – Чимён – Нанай» халқаро умуммавсумий курортини қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича лойиҳа офиси ҳамда Франциянинг «Montagne et Neige Développement» компанияси ўртасида шартнома имзоланди.

Мазкур ғоя амалга оширилиши натижасида Ўзбекистон аҳолисига ҳам, хорижлик меҳмонларга ҳам очиқ ҳавода ҳордиқ чиқаришнинг кўплаб турларини таклиф этадиган халқаро даражадаги мажмуа ташкил этилади.

Лойиҳа доирасида дам олувчиларни 2515 метр баландликка олиб чиқадиган гондол таснифидаги 10 кишилик оралиқ осма йўл ва 3309 метрга кўтариладиган маятник типидаги 80 кишилик асосий осма йўл қурилади. Курорт Марказий Осиёда бундай иншоотга эга энг баланд нуқтага айланади.

Шунингдек, мажмуада «XXL Zip line», «Alpine coaster», «Adventure tower», «Tubing», «Via ferrata» каби 20 дан зиёд турдаги қишки ва ёзги аттракцион ташкил этилади. Узунлиги 20 километрдан ошадиган турли хил 11 та чанғи учиш майдони, 6000 кишилик меҳмонхона ва коттеж қурилади.

Ушбу йирик ташаббус халқаро миқёсдаги умуммавсумий курорт, сайёҳлик манзили, кўнгил очар аттракцион ва осма йўлга эга янги туристик мажмуа барпо этишни назарда тутади. Шу билан бирга ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, Тошкент вилояти туризм инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатнинг тоғли ҳудудларида оммавий спортни рағбатлантириш учун шарт-шароит яратиш кўзда тутилган.

Энг муҳими, йилига 3 миллион бир юз кишига хизмат қиладиган халқаро умуммавсумий курорт ташкил этилиши натижасида 451 янги иш ўрни яратилади.

Сўнгги хабарлар