Миллий қурултойнинг навбатдаги йиғилишида қандай масалалар муҳокама қилинади

None
ASTANА. Кazinform – Миллий қурултойнинг навбатдаги йиғилишида миллий ғоя ва ёшлар тарбияси масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилган. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаиловнинг Мажилис депутатлари саволига берган жавобида айтилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

«Ҳукумат ватанпарварлик қадриятларини шакллантириш, қозоғистонликларнинг ўзига хослигини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишларни олиб бормоқда. Дастлаб Қозоғистон Республикасининг 2023-2029 йилларга мўлжалланган маданият сиёсати концепцияси қабул қилинди. Концепцияда оилавий, анъанавий, миллий ва ижтимоий қадриятларнинг ўзаро таъсири асосида ёш авлодни маданий ахлоқда тарбиялашнинг янги механизмларини амалга ошириш кўзда тутилган. У анъанавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш, жамият онгини модернизация қилишга, маънавий модернизация ва миллатнинг маданий кодини мустаҳкамлашга, тилни ривожлантиришга, маданий қадриятларни асраб-авайлашга хизмат қилувчи ахлоқий йўналишларни шакллантириш орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, ёш авлодни маънавий камол топтириш, ватанпарварлик ва анъанавий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш вазифаларига эришиш мақсадида «Театрдаги кун» ва «Музейдаги кун» лойиҳалари доирасида болаларнинг театр ва музейларга ҳар ой сайин ташриф буюриши кўзда тутилган», — деди Ҳукумат раҳбари.

Унга кўра, иккинчидан, 2023-2029 йилларга мўлжалланган ёшларга оид давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди. Ёшлар ўртасида замонавий қадриятлар ва ватанпарварлик тарбиясига йўналтирилган махсус бўлим мавжуд. Хусусан, ёшлар ўртасида миллий қадриятларни тарғиб қилиш, фуқаролик фаоллигини ривожлантириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, соғлом турмуш тарзи, маданият ва маърифатни шакллантиришга асосий эътибор қаратилмоқда. Учинчидан, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришга кўмаклашувчи, инсон манфаатларига жавоб берадиган ғоявий ва қадрият йўналишларини белгиловчи Қозоғистон Республикасининг Ахборот доктринаси тасдиқланди.

«Доктринада қабул қилинган чора-тадбирлар маҳаллий ахборот маҳсулотининг рақобатбардошлигини оширишга, шунингдек, ахборот соҳасининг мафкуравий йўналишларида миллий қадриятларнинг устуворлигини таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, жамоатчилик бирлигини янада ривожлантириш бўйича ғоялар ва қадамларни шакллантирувчи Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий жамғарма ҳам ўз вазифаларини бажаради. Миллий қурултойнинг навбатдаги йиғилишида миллий ғоя ва ёшлар тарбияси масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилган. Умуман, амалдаги концепция ва дастурларда Қозоғистоннинг ўзига хослиги, миллий ғоявий қадриятларини улуғлайдиган йўналишлар бор», — деди Алихан Смаилов.

Муаллиф: Марлан Жиембай


Сўнгги хабарлар