Михаил Мишустин Қозоғистонга меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирди

None
«Россия Федерацияси интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган курснинг узлуксизлигини таъминлайди. Бу бутун минтақамизнинг иқтисодий барқарорлиги учун зарур. Россия Президенти Владимир Владимирович Путин ЕОИИ барқарор ривожланаётганини ва унинг самарадорлиги ва долзарблигини яққол намоён этаётганини таъкидлади. Давлатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлашнинг мутлақ ҳажми унинг мавжудлиги даврида бир ярим баробардан кўпроқ ошди. Ташқи савдо деярли ярмига ўсди. Ички савдо айланмасида мос равишда юқори қўшилган қийматга эга бўлган нохомашё товарлар улуши изчил ортиб бормоқда. Биз биргаликда энг қийин синовларга дош бера оламиз», - деди Михаил Мишустин.

ALMATY. Kazinform - Алмати шаҳрида Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг кичик таркибдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Россия Федерацияси Бош вазири Михаил Мишустин Қозоғистонга тадбирнинг юқори ташкил этилгани ва меҳмондўстлиги учун миннатдорчилик билдирди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

«Ҳурматли Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши иштирокчилари, ҳамкасблар, дўстлар! Аввало, сизга Россия Президенти Владимир Владимирович Путиннинг энг эзгу тилакларини етказмоқчиман ва Қозоғистонга меҳмондўстлик ва тадбирни аъло даражада ташкил этгани учун миннатдорчилик билдираман», — дея бошлади ўз нутқини Михаил Мишустин.

Россия ҳукумати раҳбарининг қайд этишича, бу Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг жорий йилда Россиянинг ЕОИИ органларига раислиги остидаги биринчи йиғилишидир.

Михаил Мишустиннинг сўзларига кўра, ташқи босим ва оғир халқаро вазиятга қарамай, ЕОИИ мувофиқлаштирилган ва самарали фаолият юритмоқда ва юзага келаётган муаммоларни ўзаро ёрдам асосида ўз вақтида ҳал қилишга тайёр. Ушбу ёндашув барқарорликни сақлашга имкон беради.

«Россия Президенти раисликнинг устувор йўналишлари сифатида «Бешлик»нинг технологик салоҳиятини ривожлантириш, ҳақиқий мустақилликка эришишни белгилаб берди. Шунингдек, ЕОИИ умумий бозори янги юқори технологияли корхоналарни ишга тушириш, ишлаб чиқариш жараёнига замонавий ечимларни жорий этиш учун шарт-шароитларни таъминлаши лозим бўлган ҳолда, рақамли трансформация соҳасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш зарур. Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ягона сиёсат юритиш ҳам бирдек муҳим. Биз умумий энергия бозорларини яратиш бўйича қўшма қарорлар қабул қилишда давом этишимиз керак. Биргаликда биз дўстона бўлмаган мамлакатлар валюталаридан фойдаланиш натижасида юзага келадиган иқтисодий хавфларни камайтиришимиз керак. Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш лозим», — дея қўшимча қилди Россия Федерацияси Бош вазири.

Унинг сўзларига кўра, яна бир устувор йўналиш янги транспорт-логистика инфратузилмасини шакллантириш, шунингдек, ЕОИИ ва ташқи ҳамкорлар ва халқаро бирлашмалар ўртасида ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликни йўлга қўйишдир.

«Биз Россия раислигининг устувор йўналишларини амалий амалга ошириш учун ҳамкорлар ва Евроосиё иқтисодий комиссияси билан яқин ва конструктив ҳамкорликка тайёрмиз. Мамлакатларимиз ўн йилдан ортиқ вақт давомида турли соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозир эса амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма фаолият кўламини кенгайтириш айниқса муҳим... Ишончим комилки, биз биргаликда бу вазифаларни ҳал қиламиз», — дея хулоса қилди Мишустин.

Аввалроқ Алмати шаҳрида Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг кичик таркибдаги йиғилиши бўлиб ўтаётгани хабар қилинганди.

Муаллиф: Еламан Турисбеков


Сўнгги хабарлар