МДҲ иқтисодий ривожланиш стратегиясини самарали амалга ошириш зарур – ҚР Бош вазири

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирок этди, деб хабар беради Kazinform primeminister.kz сайтига асосланиб.

«Биз пандемия оқибатларини минималлаштириш ва янги иқтисодий ҳақиқатларга тайёргарлик кўриш учун биргаликда ишлашни давом эттиришимиз керак», - деди А.Мамин.

Қозоғистон Бош вазири МДҲнинг 2030 йилгача иқтисодий ривожланиш стратегиясини, шу жумладан пандемия оқибатларини камайтириш бўйича чора-тадбирларни самарали бажарилишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Қозоғистон Бош вазири Қозоғистонда яратилаётган миллий савдо тизими моделини кенгайтириш ва МДҲ савдо тизимини шакллантиришни таклиф қилди.

«Мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг узлуксиз айланишини таъминлаш озиқ-овқат хавфсизлиги ва жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг асосий омилидир», - деди ҚР Бош вазири.

У МДҲга аъзо давлатларнинг қўшма туризм лойиҳаларини амалга ошириш ташаббуси билан чиқди. Бунга Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг «Буюк Ипак йўли» трансчегаравий сайёҳлик маҳсулотини яратиш бўйича ишларини мисол келтириш мумкин. Шу билан бирга, мамлакатлар виза режимларини мувофиқлаштиришни ва «Туркистон - Чимкент - Тошкент - Самарқанд - Бухоро - Хива» юқори тезлик темир йўл қатновини ташкил қилишни режалаштирмоқдалар.

Қозоғистон Бош вазири МДҲ доирасида «яшил» технологияларни ривожлантириш ва жорий этиш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

«Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича мувофиқлаштирилган ишлар узоқ муддатли истиқболда иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши ва аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш учун қўшимча шароитлар яратади», - деди А.Мамин.

Учрашувда Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Беларусь Бош вазири Роман Головченко, Қирғизистон Бош вазири Садир Жапаров, Молдова Бош вазири Ион Кику, Россия Бош вазири Михаил Мишустин, Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Арманистон Бош вазирининг ўринбосари Мгер Григорян, Туркманистон вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Рашид Мередов ва МДҲ Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этишди.

МДҲ доирасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва 2030 йилгача МДҲ иқтисодий ривожланиш стратегиясининг биринчи босқичини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси муҳокама қилинди. Учрашув якунлари бўйича радиоактив материалларни трансчегаравий ташиш, МДҲга аъзо давлатларнинг жамиятни рақамли ривожлантириш соҳасидаги ахборот ҳамкорлиги, шунингдек, атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, транспорт, машинасозлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувларга эришилди. МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2021 йил май ойида Минскда ўтказилиши режалаштирилган.
Сўнгги хабарлар