Маулен Ашимбаев Европа палатаси раиси Рик Демс билан учрашди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси раиси Рик Демс билан учрашди, деб хабар беради Kazinform.

Томонлар Қозоғистон ва ЕКПА ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатдаги сиёсий ислоҳотларни қонунчилик билан таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Сенат раиси ўз нутқида Қозоғистонда ЕКПА билан ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлади.

«Биз Европа Парламент Ассамблеясининг кузги сессиясида «Қозоғистондаги сиёсий ислоҳотлар ўз фуқароларининг талаб ва интилишларига жавоб бериши» ҳақидаги декларациясининг қабул қилинишини жуда муҳим воқеа деб биламиз. ЕКПА депутатлари мунтазам равишда Қозоғистонга ташриф буюришади, сайловни кузатиш миссияларида ва бошқа тадбирларда қатнашадилар. Пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашгани сари бундай алоқалар офлайн режимда амалга оширилаётгани қувонарлидир. Биз европалик ҳамкорларимиз билан конструктив мулоқотни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз», - деди Маулен Ашимбаев.

Суҳбатдошлар мамлакатда сиёсий тизимни янада демократлаштириш юзасидан фикр алмашдилар. Маулен Ашимбаев Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг мамлакатни модернизация қилиш ва амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар бўйича кун тартиби ҳақида гапирди. Сенат раиси Қозоғистон Парламенти Президентнинг сиёсий ташаббусларини қонунчилик билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб бораётганини таъкидлади.

«Давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар стратегик хусусиятга эга. Бу ташаббуслар сиёсий тизимни янада демократлаштириш, унинг шаффофлигини таъминлаш, сиёсий рақобатни кучайтириш, фуқаролар ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган», - деди М. Ашимбаев.

Суҳбат чоғида Сенат спикери Қозоғистон Парламенти ЕКПА билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.

«Мамлакатимиз Европа Кенгашининг қатор халқаро ташаббусларини, шунингдек, замонавий давлатларнинг барқарорлиги, фаровонлиги, хавфсизлиги ва иқтисодий ривожланишининг асосий шартлари бўлган умуминсоний қадриятлар – демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини қўллаб-қувватлайди», - деди Маулен Ашимбаев.

Якунида Сенат раиси Қозоғистон сиёсий ислоҳотлар кун тартибини жадаллаштириш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш ниятида эканини таъкидлади. Парламент Сенати депутатлари бундан буён ҳам бу борадаги ишларда фаол иштирок этадилар.


Сўнгги хабарлар