Марказий Осиё ёшлари медиа саводхонлигини оширадиган ўйин платформаси яратилди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Марказий Осиё ёшларининг медиа саводхонлигини ошириш учун QLEVER ўйин платформаси ишга туширилди, деб хабар беради Kazinform MediaNet халқаро журналистика марказига таяниб.

Лойиҳа орқали Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ёшлари ўйин ўйнаб очко тўплашади ва уларни мобиль қурилмалар ва қимматбаҳо совғаларга алмаштириб олишлари мумкин.

«Ушбу лойиҳанинг мақсади Марказий Осиёда ёшларига ёлғон маълумотни ва нафратни қўзғатишга йўналтирилган ахборотларни аниқлаш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам беришдир. Ушбу минтақада медиа саводхонлик даражаси унчалик юқори эмас. Кўпгина ҳолларда, жамиятда оммавий ахборот воситаларининг демократик жамиятдаги роли ва жавобгарлиги тўғрисида чуқур билим бўлмайди. Бутун дунёда бўлгани каби, Марказий Осиёда ҳам ёшлар асосан онлайн манбалар ва ижтимоий тармоқдаги ахборотларга ишонишади. Бу борада анъанавий оммавий ахборот воситалари Интернетдаги нафратни қўзғатувчи ва ёлғон ахборотга альтернатива бўла олмаяпти. Шу орқали жамият манипуляция қармоғига илинади», - дейилади MediaNet хабарида.

Баёнотда айтилишича, чекка қишлоқ ва шаҳарларда яшовчи, аҳолининг кам таъминланган қатламларига мансуб ёшларни таълим фаолиятига жалб қилиш жуда қийин.

«Кўпинча бундай ёшлар анъанавий таълим дастурларида иштирок эта олмайдилар ёки буни хоҳламайдилар. QLEVER ўйин платформаси муаммони инновацион ва интерфаол ўйинлар орқали ҳал қилиш имкониятини таклиф этади ва ёшларни мобил қурилмалардан тортиб смартфонларгача бўлган совғаларни олиш имконини беради», - дейилади хабарда.

QLEVER иловасини бепул юклаб олиш мумкин.

Ушбу платформа бир қатор нодавлат ташкилотлар - IREX Europe (Франция), ОАВни қўллаб-қувватлаш маркази (Қирғизистон), MediaNet халқаро журналистика маркази (Қозоғистон), Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази (Ўзбекистон) ва «Гурдофарид» жамоат ташкилоти (Тожикистон) ва Европа Иттифоқи томонидан яратилган ва молиялаштирилади.


Муаллиф: Айжан Серикжанқизи


Сўнгги хабарлар