Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи Афғонистонни хавфсиз давлат сифатида кўрмоқчи

None
ASTANA. Kazinform - Ашхободда «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» форматида Афғонистон бўйича махсус вакилларнинг тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Учрашув якунлари бўйича Европа Иттифоқи, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича махсус элчиларининг қўшма баёноти қабул қилинди ва улар Афғонистонни барқарор, тинч ва фаровон, узоқ муддатли тинчлик истиқболига эга мамлакатга айлантиришга қатъий интилишларини тасдиқладилар.

Ҳужжатда Тошкент, Алмати ва Брюсселда ушбу форматда бўлиб ўтган муҳокамалар якунлари бўйича аввалги баёнотларда, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик билан боғлиқ вазият бўйича белгиланган тамойиллар ва кутилмалар қайд этилган.

Инклюзив ва вакиллик ҳукуматини яратиш, барча афғонларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳимлиги таъкидланди. Баёнотда, шунингдек, Толибон афғон қизлари ва аёлларининг таълим олиш, ишлаш ва жамоат ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқларини чекловчи тақиқларни бекор қилишга чақирилади.

Афғонистонда иқтисодий фаолият, молия-банк сектори ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани тиклаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлиги қайд этилган.

Умумий мақсад – Афғонистон ва минтақада тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга интилишдан келиб чиқиб, иштирокчилар ушбу форматда ҳамда кенгроқ халқаро ҳамжамият билан мулоқот ва ҳамкорликни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар. Навбатдаги маслаҳат учрашуви кузга белгиланган.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков


Сўнгги хабарлар