Култўбедан топилган эски китоблар қайта тикланди, уни олимлар ўқиса бўлади

None
None
TÚRKİSTAN. Kazinform – Қадимий Култўбе шаҳри ўрнидаги қазиш ишлари давомида бир қатор эски китоблар топилган. Айни пайтда мана шу эски китоблар қайта тикланиб, реставраторлар мазкур йўналишдаги илк ютуқлари билан ўртоқлаша бошладилар. Айтиш лозимки, бир ярим йил ичида «Қирим ороли» («Қырым аралы») илмий- қайта тиклаш лабораторияси мутахассислари йиллар бўйи ер остида ётган уч китобдан биттасининг 200 га яқин варағини ўқишга яроқли ҳолга келтирдилар.

Эслатиб ўтамизки, «Култўбе шаҳри ўрни тарихий обидаларини қайта тиклаш» илмий лойиҳаси билан Қозоқ илмий-тадқиқот маданият институти мутахассислари иш олиб бордилар. Лойиҳа доирасида улар археологик ёдгорликни қайта тиклаш ишлари билан шуғулланишди. Евроосиё гуруҳининг(ERG) молиявий қўллаб-қувватлаши билан амалга оширилаётган лойиҳа «Култўбе шаҳри ўрни» археологик паркининг концепциясини тайёрлашга йўналтирилган.

Икки экспедиция жараёнида қадимий Туркистоннинг сирларини очишга имкон берадиган жуда кўп бебаҳо ёдгорликлар топилди. Шулардан биттаси 2019 йил ёзда топилган учта эски китоб эди. Биринчисини археологлар XVIII-XIX асрлардаги уй-жой харобалари орасидаги печьдан топган. Ўша куниёқ археологлар машҳур қозоғистонлик рассом-реставратор «Қирим ороли» илмий – қайта тиклаш лабораторияси асосчиси, Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоб Қирим Алтинбеков билан алоқага чиқишди. Қирим Алтинбеков бошқарган илмий марказ 20 йил давомида археологик топилмаларни ва бошқа маданий ёдгорликларни қайта тиклаш, консервациялаш ва тўлиқ асл ҳолига келтириш билан шуғулланадилар. У шунингдек, консервациялаш ва қайта тиклаш бўйича бир неча усулни патентлаштирган.

Йигирма йил давомида Қирим Алтинбеков лабораториясида бир неча минг археологик мерос асл ҳолига келтирилиб, қайта жонланди. Энг машҳур асарлари ичида Олтин одам, Берел отлари, Сарматлар доҳийси ва сарматларнинг коҳин аёли, Уржар башоратчи аёли, қимақ йилқиси ва ҳоказолар мавжуд.

«Бу араб тилидаги Қуръонга изоҳлар китоби инқилобдан кейин муллаларни таъқиб этиш бошланган пайтда печь ичига яширилганлиги туфайли сақланиб қолган. Кейинроқ китоб яширилган уй харобага айланиб, у ердаги китоб йиллар бўйи ер остида кўмилиб ётган. Топилма ҳақида менга айтган пайтда, дарҳол суратларини сўрадим. Сўнгра ташқи муҳит таъсиридан зарарланмаслиги учун китобни айнан ўша тупроққа кўмиб ташланглар, дедим. Зеро, ҳар қандай ёдгорлик, майли, у қоғоз, ёғоч, металл ёки мато бўлсин, ер остида ётган пайтида ўша ерга, яъни, ўнлаб, балки юзлаб йиллар давомида ўша жойда шаклланган ҳарорат ва намлик режимига мослашади. Намлик ёдгорликларга шаклини сақлашга кўмаклашади. Очиқ ҳавога чиқарганда эса у буғланадиган бўлса, 15-20 дақиқа ичида-ёқ зарарланиши мумкин. Шунинг учун тиклаш ишлари бошлангунга қадар китобни ўша муҳитда қайта сақлаш ўта муҳим эди», - дейди Қирим Алтинбеков.

Айтиш жоизки, китоб-ёдгорликлар археологияда жуда кам учрайди. Шунинг учун ўзининг барча ишларини бир четга суриб, Қирим Алтинбеков мутахассислар гуруҳи билан дарҳол Туркистонга етиб келган. Реставраторлар китобни тупроқ остидан қазиб олиб, алоҳида вазиятда транспорт воситасида Алматидаги лабораторияга етказишди.

«Бизнинг лаборатория бунгача ёдгорликларни блоклари билан ўрнидан олиш технологиясини яратган. Ёдгорлик ер остидаги тупроқ қатлами билан олиниб, текис жойга қўйилади. Ундан кейин эса ўша микроиқлимни сақлаш учун топилма ҳар томонлама тупроқ билан қуршалади ва намликни сақлаш учун пленка билан ўралади. Уни зарарланишдан асраш учун блок юмшоқ амортизатор хусусиятига эга материал билан ёпилади», - дея изоҳ беради Алтинбеков.

Лабораторияга олиб келингач, экспертлар энг аввало, топилмани лойдан тозартириб, китобнинг рентген суратларини яратиб, зарур таҳлил натижаларини олдилар. Экспертиза топилманинг қандай қоғоздан ишланганини аниқлаш учун зарур эди. Ундан кейин махсус қайта тикловчилар кенгаши тузилиб, улар қайта тиклаш усулларини муҳокама қилдилар. Маслаҳатлашиш учун Миллий кутубхонадан реставратор-мутахассислар таклиф этилди. Аммо уларнинг ўзлари асрлар давомида ер остида ётган китоблар билан ҳеч қачон ишламаган эканлар.

«Китоб қоғозининг сифати жуда паст экан. Уни рентген сурати орқали аниқладик. Йиллар бўйи тупроқ остида ётган китобнинг анча қисми зарарланган. Варақлар сиқилиб, яхлит монолитга айланган. Уларни бир-биридан ажратишнинг имкони бўлмади. Шунинг учун қайта тиклаш ишлари якунлангандан кейин китобни экспозияга топширишга яроқли ҳолга келтириб, ҳозирги аҳвоолини сақлаш тўғрисида қарор қабул қилинди», - дейди «Қирим ороли» раҳбари.

Реставраторлар дастлабки китобни тиклаш ишлари билан шуғулланаётганларида, археологлар яна икки китобнинг топилганлиги ҳақида хабар қилишди. Буни эшитиши билан Қирим Алтинбеков яна йўлга чиқди. Янги ёдгорликлар топилган жой биринчи китоб топилган жойдан унча узоқда эмас экан. Бу китоблар 30 сантиметр чуқурликка кўмилган ёғоч қутидан топилган, шунинг ўзи ҳам китобларнинг юз йил бўйи зарарланмаслигига сабаб бўлган шекилли. Аммо сақланиш ҳолати яхши эмас. Китоблар таҳдидли муҳит ва микроорганизмларнинг парчаланишига дучор бўлган. Ундан кейин сичқонларнинг китобларни кемирганлиги ҳам аниқланган.

Учта китобнинг муқоваси ҳам мутлақо сақланмаган. Шу сабабли, бу ёдгорликларни зарарланишдан асраш учун реставраторлар катта иш олиб боришга мажбур бўлдилар. Тозартириш, махсус аралашмалар сингдириб, кучайтириш каби узоққа чўзилган жараёндан кейин лаборатория мутахассислари ёғоч қутида топилган икки китобнинг биттасининг варақларини бир-биридан ажратиб кўрди. Шу китобнинг варақлари яхшироқ сақланганлиги учун уларни бир-биридан ажратиш осонроқ туюлган. Реставраторлар варақларни ажратиб, ҳар бир саҳифани кучайтирадиган антисептик аралашма билан қайта ишлади. Жуда синчков олиб борилган ишлардан кейингина эски китобда ёзилган матн, шу билан бирга 100 йил олдин одамлар қолдирган белгилар ҳам кўрина бошлади.


«Бизнинг асосий вазифамиз – китобнинг жисмоний ҳолатини, уни қўлга олиб варақлаш имконияти қайта тиклашдир. Топилмаларнинг аҳволи аянчли бўлганлиги учун биз дастлаб варақларни ажрата олишимизга унчалик ишонмаган эдик. Бизнинг бахтимизга, биз учун ҳаммаси муваффақиятли ўтди. Ҳозиргача 200 га яқин саҳифа тикланди. Улар келажакда тадқиқот ишлари учун олимларга тақдим этилади. Ҳозирги пайтда учала китобнинг ҳам XIX асрга тегишли эканлигини биламиз. Улар арабларнинг насх хати билан ёзилган. Тошкентда ёки Қозонда босиб чиқарилган. Қуръонга бундай изоҳлар, одатда,диний ходимлар томонидан тайёрланган, мадрасалар учун нашр қилинган. Мен араб тилида ўқишни билмайман, шунинг учун бу ерда нима ёзилганлигини аниқ айта олмайман. Менинг вазифам – китобларни олимлар тадқиқ эта оладиган даражада қайта тиклаш. Зеро, ҳар бир ёдгорлик ўтган замонлардан ахборот етказувчи ҳисобланади», - дейди Қирим Алтинбеков.

Бир ярим йил ичида қайта тиклаш ишлари муваффақиятли амалга оширилди. Ҳозирча «Қирим ороли» лабораториясида тўлиқ тиклаш ишлари қачон тугаши номаълум. Айтиш жоизки, ёғоч, ҳар хил металлар, суяк, жун ва газламадан ишланган топилмаларни қайта тиклаган лаборатория мутахассислари бу сафар қоғоз ёдгорликлар билан илк бор амалий иш олиб борган эканлар.


«Биз органик ёдгорликлар билан ишлашнинг умумий усулини биламиз. Эски китоблар бўйича бунга қадар ҳеч қандай тажрибамиз бўлмаса ҳам, биз Култўбедан топилган ёзма ёдгорликларни сақлаш ва қайта тиклашнинг энг яхши усулларини аста-секин топдик деб ўйлайман. Ҳар хил кимёвий эритмалардан фойдаландик ва уларнинг қоғозга қандай таъсир этишини кузатдик. Умуман, китобларнинг лабораториядан ташқарида қанча вақт сақланишини билиш биз учун ҳам ўта муҳим эди. Лабораториямиздаги барча ёдгорликлар биз учун бемор-пациент кабидир. Ҳар бирининг «касаллик» тарихини ёзамиз, ташхис қўямиз, «даволаш» процедураларини тайинлаймиз, сақлаш ва фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқамиз», - дейди лаборатория раҳбари.

Топилган китобларга келсак, Қуръоннинг маъносига изоҳ ёзиш ислом тарихидаги аҳамиятли вазифаларнинг биридир. Вақт ўтиши билан у араб-ислом маданиятининг муҳим жанрларининг бири – тафсирга айланди. «Тафсир» атамаси араб тилидан таржима қилганда «тушунтириш, изоҳ бериш» маъноларини англатади. Тафсирнинг мақсади – Қуръон оятлари маъносини оддий ва тушунарли тил билан етказиш.


Анъанавий тафсирлар Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари орасида жуда машҳур бўлган. Шарқнинг машҳур мутафаккирлари Муҳаммад Абду, Рашид Рида, Саид Қутб, Абдураҳмон ас-Саъдий ва бошқаларнинг тафсирлари кенг тарқалди. Бу жанрга литографик усулда босилган ва палеографик хусусиятлари бўйича XIX асрнинг иккинчи ярмидаги Миср ва турк нашрларига ўхшаш Култобедан топилган китоблар ҳам киради. Китобларнинг кўп жойи зарарланганлиги сабабли муаллифини аниқлашнинг имкони бўлмади.

«Баъзи бировлар «кутутхоналардан нусхалари топиладиган, унчалик эски эмас, XIX асрдаги китобларни қайта тиклаш учун шунча куч сарфлашнинг нима кераги бор?» деб ҳам сўрашади. Ҳақиқатан ҳам, бундай китоблар кутубхоналардан топилиши мумкин. Аммо улар кутубхоналарга хусусий жамғармалардан ёки йиллар давомида маълум бир оилаларда сақлаган шахсларнинг архивидан олинган. Археологиш қазиш ишлари вақтида топилган китоблар жуда кам. Ҳатто бундай ҳодиса ёдгорлик учун ҳам, у топилган ҳудуд учун ҳам мутлақо бошқача тарих ва мутлақо бошқача қадрият тақдим этиши мумкин. Шунинг сабабли ҳам бу бизнинг лаборатория учун ажойиб ва бебаҳо тажриба бўлди», - деди Қирим Алтинбеков.


Сўнгги хабарлар