ҚР Сенатида 2023 йилги республика бюджетига ўзгартиришлар қабул қилинди

Фото:
ASTANА. Кazinform – Бугун Сенатнинг умумий мажлисида «2023-2025 йилларга мўлжалланган республика бюджети тўғрисида»ги Қозоғистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Хусусан, жорий йилги республика бюджети параметрлари қуйидагича шакллантирилди, яъни бюджет даромадлари 1,5 триллион тенгега кўпайиб, 19,3 триллион тенгени ташкил қилади. Камомад ялпи ички маҳсулотнинг 2,7% даражасида сақланиб қолди. Республика бюджетининг харажатлари 22,5 триллион тенге миқдорида режалаштирилган.

Умумий харажатларнинг қўшимча ўсиши қарийб 2,2 триллион тенгени ташкил этди ва қуйидаги устувор йўналишларни ўз ичига олади:

Биринчи навбатда, Давлат раҳбарининг Мурожаатномаси ва Сайловолди дастурида қайд этилган ташаббуслар, ҳудудларга амалий ташрифлари чоғида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун қўшимча 2 триллион тенге маблағ йўналтирилади.

– Шу нуқтаи назардан, ҳудудларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ва ишлаб чиқариш саноатини янада ривожлантириш ҳамда ижтимоий соҳанинг алоҳида йўналишлари бўйича харажатлар киритилди, – деди вазир.

Бу йўналишда иссиқлик таъминоти тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш, электр энергетикасини ривожлантиришга 144 миллиард тенге маблағ йўналтирилади. 126 миллиард тенге эса мудофаа ва фуқаро муҳофазасини таъминлашга, жумладан, ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг иш ҳақини оширишга, фуқаро муҳофазаси органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилади. Бундан ташқари, уй-жой сотиб олиш учун кредитлар ва уй-жой жамғарма депозитлари бўйича мукофотлар учун 92 миллиард тенге ажратилади.

«Иккинчидан, 186 миллиард тенге бошқа бир қатор муҳим вазифаларни амалга оширишга йўналтирилади. Бюджетни қайта кўриб чиқиш натижасида иқтисодиётнинг аниқ тармоқлари ва ҳудудларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Буни харажатлар таркибидаги ўзгаришлардан ҳам кўриш мумкин. Хусусан, иқтисодиётнинг аниқ соҳасини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 1,3 триллион тенге ажратилмоқда. Шу муносабат билан ушбу йўналишнинг умумий харажатлар ҳажмидаги улуши 5,3 фоизга ошди. Натижада кўрсатилган тармоқ учун харажатлар 3,5 триллион тенге ёки умумий харажатларнинг 15,6 фоизи миқдорида режалаштирилган. Бу ўрта муддатли истиқболда мамлакат ривожига ижобий мультипликатив таъсир кўрсатади», - деди Е. Жамаубаев.

Бундан ташқари, ижтимоий соҳа харажатлари 298 миллиард тенгега ошиб, 8,5 триллион тенге ёки умумий бюджет харажатларининг 37,5 фоизини ташкил этиши режалаштирилган. Маблағлар «Қишлоқда соғлиқни сақлашни модернизация қилиш» миллий лойиҳасини амалга ошириш, мактабгача таълим муассасалари ўқитувчиларининг иш ҳақини ошириш ва коллеж ўқувчиларининг стипендияларини ошириш, ижтимоий тўловлар, нафақалар, соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантиришга йўналтирилади.

Бундан ташқари, кучлар тузилмаси харажатлари 317 миллиард тенгега ошган ва 2,5 триллион тенге миқдорида режалаштирилган.

«Аниқлаштириш жараёнида жорий йилда 7,2 триллион тенге ёки бюджет умумий харажатларининг 32 фоизи ҳудудларга йўналтирилади», — деди вазир.

Муаллиф; Руслан Ғаббасов

Сўнгги хабарлар