ҚР Рақамлаштириш вазири сайлов қутиларига бюллетенларни автоматик санаш технологиясини ўрнатмоқчи

None
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин келгусида овоз бериш тизимига иккита янгилик киритилиши режалаштирилаётганини маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Вазирнинг фикрича, бундай ёндашув сайлов жараёнига сохта бюллетенлар киритилишининг олдини олади.

«Биз Марказий сайлов комиссияси билан биргаликда иккита масалани муҳокама қилмоқдамиз. Масалан, сайлов округи бўйича сайловчини тасдиқлаш ва рўйхатдан чиқариш масаласи бор. Агар сиз бир вилоятдан бошқа вилоятга овоз бериш учун борсангиз, яшаш жойингизда рўйхатдан ўтишингиз керак. Келажакда буни онлайн амалга ошириш мумкин бўлади», - деди вазир сайловда овоз бергандан сўнг ОАВ вакиллари билан суҳбатда.

У сайлов қутиларини янги технология билан жиҳозлаш масаласи ҳам муҳокама қилинаётганини таъкидлади.

«Сайлов бюллетенини қутига солгандан кейин, у автоматик тарзда қанча бюллетен солинганини кўрсатиб турса мақсадга мувофиқ бўларди. Яъни, бундай технология сизнинг бюллетенингиз сохта ҳужжат эмас, балки қонуний ҳужжат эканлигини тасдиқлайди. Сайлов қутиси аввалгидек қолади. Аммо уларга кичик компьютерлар ўрнатилади. Шундай таклиф билан чиқяпмиз. Ҳозирда бу кўплаб мамлакатларда қўлланилади. Марказий сайлов комиссияси билан муҳокамалар келгусида ҳам давом этади. Ҳозирда сайлов бюллетенлари кузатувчилар томонидан ҳисобланса, назоратнинг яна бир механизми пайдо бўлади. Бу сохта бюллетенлар қўшилиб кетишининг олдини олишга ёрдам беради», — деди Бағдат Мусин.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай


Сўнгги хабарлар