ҚР Президентининг Ўзбекистонга икки кунлик давлат ташрифи муваффақиятли ўтди

Фото:
ASTANA. Kazinform – ҚР Президентининг Ўзбекистонга икки кунлик давлат ташрифи якунланди, дея хабар беради Kazinform ҚР Президентининг матбуот хизматига таяниб.

Мазкур ташриф икки давлат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга янги суръат бағишлади, десак муболаға бўлмайди. Чунки ташриф давомида жами 17 та ҳужжат имзоланди. Улардан иккитасини тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлар дейиш мумкин.

Улар - Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги иттифоқ муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегараларини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномадир.

Яъни, икки қардош давлат чегара масаласини тўлиқ ҳал этишга жуда яқин турибди ва иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарилди. Албатта, бу қўш ҳужжат Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янги сифат босқичига кўтаради.

Ушбу ташриф доирасида икки давлат иштирокида қўшма корхоналар очилиши ҳам маълум бўлди. Масалан, Қостанайда Chevrolet Оnix автомобиллари, Саран шаҳрида маиший техника ишлаб чиқарувчи корхоналар ишга туширилади.

Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида «Қазфосфат» компанияси молиялаштиришда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади. Лойиҳанинг қиймати 1,3 миллиард долларни ташкил этади.

Умуман олганда, ташриф якунлари бўйича умумий қиймати 8 миллиард доллардан ортиқ бўлган сармоявий битимлар ва икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Шу билан бирга, Дарбоза-Мақтаарал темир йўли қурилишини тезроқ якунлаш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олдилар. Бу эса Сирдарё станциясига етиб бориш имконини беради. Мазкур йўналиш транзит салоҳиятини кенгайтириш ва «Сариағаш» ўтиш пункти юкини камайтириш имконини беради.

Марказий Осиёда трансчегаравий дарё ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари бўйича мувофиқлаштирилган ишларни давом эттиришга келишиб олинди.

Давлат ташрифи доирасида Қасим-Жомарт Тоқаев Тошкент шаҳрида жойлашган Тўле би мақбарасини зиёрат қилди.

Умуман олганда, Давлат раҳбарининг ташрифи муваффақиятли ўтди, деб тўлиқ ишонч билан айтиш мумкин.

Сўнгги хабарлар