ҚР Президентининг янги муддатдаги биринчи Фармони қишлоқни ривожлантиришга қаратилган

26 Ноябрь, 12:03
ҚР Президентининг янги муддатдаги биринчи Фармони қишлоқни ривожлантиришга қаратилган

ASTANA. Кazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев бугун қишлоқларни ривожлантириш тўғрисидаги Фармонни имзолайди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

«Ҳозир сайловдаги ғалабани нишонлаш эмас, кўп меҳнат қилиш вақти. Шунинг учун биз зудлик билан ишга киришишимиз ва бўшашмаслигимиз керак. Шу муносабат билан мен биринчи навбатда ҳал қилиниши керак бўлган бир нечта масалаларга тўхталиб ўтмоқчиман. Сайловолди нутқларимда қишлоқ ободончилигига алоҳида эътибор қаратдим. Бугунги кунда Қозоғистон аҳолисининг деярли 40 фоизи қишлоқларда яшайди. «Қишлоқ – юрт бешиги» деб халқимиз бежиз айтмаган. Шундай экан, қишлоқдаги аҳволни яхшилай олмасак, бу барчамизга қийинчилик туғдиради. Шунинг учун бугун мен қишлоқларни ривожлантириш тўғрисидаги Фармонни имзолайман», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев Президентнинг инаугурация маросимида.

Президент ушбу ҳужжат орқали Ҳукуматга қишлоқни ривожлантиришнинг 5 йилга мўлжалланган аниқ режасини ишлаб чиқишни топшираётганини айтди.

«Бу менинг янги президентлик давридаги биринчи Фармоним бўлади. Ҳукумат қишлоқни ривожлантириш бўйича барча лойиҳаларни тизимли равишда ташкил этиши ва тўплаши керак. Шундан сўнг биз мақсадли иш олиб борамиз», — деди Қ. Тоқаев.

Эслатиб ўтамиз, бугун мамлакат пойтахтидаги Мустақиллик саройида Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросими бўлиб ўтмоқда. Ушбу инаугурация Мустақил Қозоғистон тарихидаги еттинчи инаугурация маросимидир.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси якунларига кўра, 20 ноябр куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловида номзод Қасим-Жомарт Тоқаев сайловчиларнинг 81,31 фоиз овозини олиб, ғалаба қозонган эди.

Муаллиф: Айжан Серикжанқизи


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар