ҚР Президентининг навбатдан ташқари Мажилис ва Маслиҳат депутатлари сайловини тайинлаш тўғрисидаги баёноти

None
ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев навбатдан ташқари Мажилис ва маслиҳат депутатлари сайловини тайинлаш ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда Kazinform Ақордага таяниб хабар беради.

Ҳурматли ватандошлар!

Конституцияга мувофиқ, Парламент палаталари раислари ва Бош вазир билан маслаҳатлашган ҳолда, мен Мажилисни тарқатиб юбориш ва маслиҳатлар ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги Фармонларни имзоладим. Депутатларга фаол ва самарали фаолияти учун миннатдорчилик билдираман. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда Мажилис ва маслиҳат депутатлари фаол иштирок этди. Сайловчилар билан тез-тез учрашишди. Олис аҳоли пунктларига борди. Шунингдек, жамоатчиликни ўйлантираётган долзарб масалаларни кўтариб, жамоатчилик муҳокамасига туртки бўлди.

Ўйлайманки, янги сайланган депутатлар ишни шу суръатда давом эттириб, мамлакатимизни ҳар томонлама модернизация қилишга алоҳида ҳисса қўшадилар. Мажилисга навбатдан ташқари сайлов 2023 йил 19 мартда бўлиб ўтади. Барча даражадаги маслиҳатларга сайлов Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Маълумки, ўтган йилнинг кузида қилган нутқимда жорий йилнинг биринчи ярмида Мажилис ва маслиҳатларга сайловлар ўтказилишини эълон қилгандим. Яъни, бу ташаббус эълон қилингандан то сайловгача ярим йилдан кўпроқ вақт ўтади. Номзодларга, сиёсий партияларга мустақиллик йилларида ҳеч қачон сайловга тайёргарлик кўриш учун бу қадар кўп вақт берилмаган эди.

Мажилис ва маслихатларнинг навбатдан ташқари сайловлари конституциявий ислоҳотларнинг давоми ҳисобланади. Бу ислоҳотни халқимиз ўтган йилги референдумда қўллаб-қувватлаган эди. Натижада мамлакатимиз янги, ҳалол ва очиқ рақобатга йўл очувчи тамойил асосида вакиллик ҳокимиятини яратишга ўтди.

Эндиликда Мажилис депутатларининг 70 фоизи партия рўйхати бўйича, қолган 30 фоизи эса бир мандатли сайлов округларидан сайланади. Туманлар ва республика аҳамиятига молик шаҳарлар маслиҳатлари депутатлари ҳам аралаш тизим бўйича сайланади. Депутатларнинг 50 фоизи бир мандатли тизим орқали, 50 фоизи партия рўйхати бўйича сайланади. Туманлар ва вилоят аҳамиятига молик шаҳарлар маслиҳатлари сайловида эса фуқаролар бир мандатли сайлов округларидан номзодлар учун овоз беради. Шу тариқа, Мажилис ва Маслиҳатлар янги модел бўйича шакллантирилади. Шунда сайловчилар манфаатлари республика ва вилоят миқёсида тўлиқ ҳимоя қилинади. Вакиллик ҳокимиятига турли фикрдаги фуқароларнинг келиши имконияти мавжуд. Фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш учун муҳим шарт-шароитлар яратилади.

Конституциявий ислоҳотлар доирасида сиёсий партияларни рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилди. Хусусан, партия аъзолари сонига оид талаб ўзгарди. Унинг пастки чегараси тўрт марта, 20 мингдан 5 мингга камайди. Ҳар бир ҳудудда партия вакилларининг сони камида 600 киши бўлиши керак эди, ҳозир эса 200 нафарга камайган. Ушбу ва бошқа тизимли чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда узоқ вақтдан бери илк бор бир қанча янги сиёсий партиялар давлат рўйхатидан ўтказилди.

Шу билан бирга, сайлов бюллетенига «Мен ҳаммага қаршиман» бандинининг киритилиши жуда муҳим қарор бўлди. Партияларнинг Парламентга кириши учун зарур бўлган минимал овоз миқдори 7 фоиздан 5 фоизга камайди. Бу ҳам мамлакатимизни демократлаштириш йўлидаги ғоят муҳим қадамдир. Сайлов жараёнига жамиятнинг турли вакилларини имкон қадар кенг жалб этиш мақсадида қонун ҳужжатларига бошқа янги ўзгартиришлар киритилди. Масалан, хотин-қизлар, ёшлар ва алоҳида эҳтиёжли фуқароларга депутатлик мандатининг 30 фоизини ажратиш қонун билан тасдиқланди. Буларнинг барчаси сиёсий рақобатни кучайтиради, сиёсий тизимнинг шаффофлигини таъминлайди. Бу сиёсатчиларнинг янги авлодини шакллантиришга ҳам замин яратади.

Сайлов ташвиқотини ташкил этиш ва ўтказишда ҳудудий сайлов комиссиялари муҳим ўрин тутади. Эндиликда ҳудудий сайлов комиссиялари профессионал тарзда мунтазам ишламоқда. Мазкур қарор сайлов билан боғлиқ тадбирлар сифатини таъминлайди.

Бўлажак сайловнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ, адолатли ва ошкора ўтиши учун қатъий назорат ўрнатилади. Бунинг учун Марказий сайлов комиссияси ва Бош прокуратура масъулдир. Сайлов кампанияси маҳаллий ва халқаро кузатувчилар томонидан диққат билан кузатилмоқда. Шу ўринда фуқароларимизнинг кузатувчи сифатида фаол бўлиши муҳим. Қонунга кўра, барча номзодларга, партияларга оммавий ахборот воситаларида чиқиш учун бир хил имконият берилган. Ўйлайманки, бу галги сайлов кампанияси мамлакатимизда сиёсий маданият юксак эканини яққол намоён этиб, жамиятимизни тўғри йўлга қўяди.

Биз тараққиётнинг янги даврига кирдик. Қозоғистонда жадал ва ҳар томонлама модернизация жараёни давом этмоқда. Мазкур сайлов жамиятдаги ўзгаришларнинг кўриниши сифатида сиёсий тизимимизни янада модернизация қилишга катта таъсир кўрсатади. Ҳозирда дунёда бундай кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширган давлатлар кўп эмас.

Мажилис ва маслиҳат сайловлари давлат ҳокимияти институтларини модернизация қилишнинг якуний босқичи бўлади. Шу тариқа «Кучли Президент – ​​нуфузли Парламент – ​​ҳисоб берадиган Ҳукумат» тамойили тўлиқ амалга ошади.

Биз бир давлат, бир халқмиз ва адолатли Қозоғистон қуряпмиз. Бу йўлда биз турли қийинчиликларни енгиб ўтишимиз ва кўплаб муҳим вазифаларни биргаликда бажаришимиз керак.

Барчангизни фуқаролик масъулиятини намоён этишга, Мажилис ва маслиҳатларга сайловларда фаол иштирок этишга таклиф қиламан.

Фото: аkordа.kz


Сўнгги хабарлар