ҚР Президенти тадбиркорлик ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор топшириқлар берди

None
None
NUR-SULTAN. Кazinform - Давлат раҳбари Молиявий мониторинг агентлиги раиси Жанат Элимановни қабул қилди. Қасим-Жомарт Тоқаевга агентликнинг жорий йилнинг 7 ойидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тақдим этилди. Бу ҳақда Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Президентга тақдим этилган маълумотларга кўра, 857 та иш бўйича тергов ниҳоясига етган, 88 миллиард тенгелик зарар ундирилган. Яширин иқтисодиётга қарши кураш доирасида 33 та уюшган жиноий гуруҳ бартараф этилди. Бюджет маблағларини ўзлаштириш соҳасида 132 та ҳолат қайд этилган бўлиб, етказилган зарар миқдори 57 миллиард тенгедан ошган, шундан 53 миллиард тенге қопланган.

Ҳукумат билан ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли охирги 3 йилда яширин иқтисодиёт даражаси 23 фоиздан 19 фоизга туширилди.

Қасим-Жомарт Тоқаевга хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва рейдерликнинг олдини олиш чоралари ҳақида маълумот берилди. Ҳозирда 8 та ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жумладан, Алматида бизнесни рейдерлик йўли билан олиб қўйиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ йўқ қилинди, ундан кўрилган зарар 18 миллиард тенгедан ортиқни ташкил қилди.

Шу билан бирга, агентлик томонидан коммунал хизматлар соҳасида тарифларнинг асоссиз оширилганлиги ҳолатлари аниқланиб, 20 та монополистга нисбатан 34 та жиноят иши қўзғатилган. Истеъмолчиларга тарифларни пасайтириш шаклида 11,6 миллиард тенгега етказилган зарар қопланди.

Президентга ёқилғи-мойлаш материалларини ноқонуний олиб чиқиб кетиш схемаларига чек қўйиш бўйича топшириқлари ижроси ҳақида ҳам маълумот берилди. Жанат Элимановнинг сўзларига кўра, бу борада 36 та иш қўзғатилган. Хусусан, Павлодар, Ғарбий Қозоғистон ва Туркистон вилоятларида катта миқдорда ёқилғи-мойлаш материалларини экспорт қилишга уринишларга чек қўйилди.

Қасим-Жомарт Токаевга озиқ-овқат нархлари бўйича чайқовчилик қилаётган виждонсиз етказиб берувчилар устидан тергов бошлангани ҳақида маълумот берилди.

Давлат раҳбарига молиявий пирамидаларни барвақт аниқлаш борасидаги ишларни қайта форматлаш ҳақида сўзлаб берилди. Ноқонуний контентга эга 3000 дан ортиқ сайтлар блокланди. 64 та иш қўзғатилиб, 7,8 млрд тенге жарима солинди.

Йиғилиш якунлари бўйича Президент тадбиркорлик ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор топшириқлар берди.

Сўнгги хабарлар