ҚР Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди

None
АNKARА. Кazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди, дея хабар беради Ақорда.

Қасим-Жомарт Тоқаев Анқарага амалий ташрифи доирасида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди. Давлат раҳбари Режеп Таййип Эрдоғанга меҳмондўстлиги ва эҳтиром билан кутиб олгани учун миннатдорчилик билдирди.

Давлат раҳбари, аввало, ҳалокатли зилзиладан жабр кўрган Туркия халқига ҳамдардлик билдирди.

«Марҳумларнинг яқинларига, Сизга ва бутун турк халқига ҳамдардлик билдираман. Туркия ҳар доим қийинчиликларга қарши тура олган давлатдир. Ўз бой тажрибангиз ва миллий ҳамжиҳатлигингиз туфайли бу муаммони енгиб ўтасиз, деб ишонаман», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент таҳдидларга доим тайёр туриш кераклигини таъкидлаб, фавқулодда вазиятлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди. Шу муносабат билан «Табиий офат ва фавқулодда вазиятлар межежменти, гуманитар ёрдам» мавзусидаги саммитни жуда зарур тадбир деб билишини айтди.

«Табиий офат пайтида давлатлар бир-бирига ёрдам беришлари жуда муҳим. Бу сафар буни яна бир бор кўрдик. Қардош мамлакат қийинчиликларга дуч келганда туркий халқлар бирдамлик ва меҳр-оқибатнинг ажойиб намунасини кўрсатди. Қозоғистон зудлик билан турк биродарларга ёрдам қўлини чўзди», – деди Давлат раҳбари.

Шу билан бирга, Президент Туркия Қозоғистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири эканлигини таъкидлади.

«Туркия Қозоғистоннинг бешта асосий савдо ҳамкорларидан биридир. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 33 фоизга ошиб, 6,3 миллиард долларга етди. Бу тизимли ишлар самарасидир. Қозоғистон товарларини Туркия бозорига катта ҳажмда экспорт қилиш имконияти мавжуд», — деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев турк инвесторларининг Қозоғистондаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди. Шунингдек, учрашув чоғида «Ўрта йўлак» деб номланган Транскаспий халқаро транспорт йўналиши жуда муҳим рол ўйнаши таъкидланди. Қозоғистон томони ушбу потенциал транспорт-логистика йўналишини ривожлантириш учун умумий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди.

Ўз навбатида, Режеп Таййип Эрдоған таклифини қабул қилиб, Анқарага келгани учун Қасим-Жомарт Тоқаевга миннатдорчилик билдирди.

«Туркияга келганингиздан хурсандман. Даҳшатли зилзиласида 49 минг киши ҳалок бўлди. Сиз шундай муҳим паллада қўнғироқ қилган биринчи жаҳон етакчиларидан бири бўлдингиз. Яраланган фуқароларимизни қутқаришда Қозоғистон қутқарувчилари иштирок этди. Биз чинакам қардошликни ҳис қилдик», - деди Туркия Президенти.

Шунингдек, Режеп Таййип Эрдоған кейинги йилларда амалга оширилган икки томонлама ташрифлар натижасида барча соҳаларда ўсиш кузатилаётганини, йил охиригача товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш зарурлигини билдирди. Туркия раҳбари, шунингдек, «Ўрта йўлак» салоҳиятидан транспорт соҳасида тўлиқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, учрашувда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, энергетика соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Президентлар халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.


Сўнгги хабарлар