ҚР Президенти пойтахтдаги модулли юқумли касалликлар шифохонасини бориб кўрди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Давлат раҳбари Нур-Султан шаҳридаги коронавирус пандемияси сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинган пайтда янгидан қурилган модулли юқумли касалликлар шифохонасига ташриф буюрди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Тиббий муассасанинг умумий майдони 7 минг квадрат метрни ташкил қилади. Уни қуриш учун республика бюджетидан 5,5 миллиард танга ажратилди. Тиббий муассасани «BI Group» компаниялар гуруҳи қурган.

Касалхона биноси тезкор қурилиш технологиясидан фойдаланган ҳолда модулли блоклардан қурилган. 200 ўринли шифохона замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, тиббиёт ходимлари ва беморларнинг хавфсизлигини таъминлайди.

ҚР Соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов Президентга эпидемияга қарши курашда тиббий ёрдамнинг муаммолари ва уни яхшилаш йўллари тўғрисида ҳисобот берди. Давлат раҳбари беморларни даволаш учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланган даволаш-профилактика хоналари ва палаталарни кўздан кечирди.

«BI Group» қурилиш холдинг компанияси директорлар кенгаши раиси Айдин Рахимбаев Қасим-Жомарт Тоқаевга қурилишнинг бориши ва касалхонанинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапириб берди.






Давлат раҳбари ушбу шифохона мамлакатда биринчи бўлиб ташкил этилганини таъкидлади ва қурувчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шифокорлар билан суҳбат чоғида Қозоғистон Президенти ватандошларимизнинг соғлиғини сақлаш учун тинимсиз ишлаётган тиббиёт ходимларига миннатдорчилик билдирди.

- Сизлар пандемияга қарши курашда олдинги сафдасизлар. Сиздан жуда миннатдормиз. Кечаю кундуз ишлаяпсиз. Афсуски, биз шифокорларимизни Алматидаги эпидемиядан ҳимоя қила олмадик. Биз ҳозирги фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун курашмоқдамиз. Шунинг учун эҳтиёт бўлишингиз керак, авваламбор ўз соғлиғингизга ғамхўрлик қилинг, - деди Президент.



Қозоғистон Президенти фуқаролар соғлиғини сақлаш давлатнинг асосий вазифаси эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги инқироздан фақат соғлом миллатгина омон қолади.

- Кенг қамровли чораларни кўриш керак. Биз постсовет маконида биринчилардан бўлиб керакли чораларни кўрдик. Фуқароларимиз учун карантин режимини сақлаш осон эмаслигини тушунаман. Аммо бошқа йўл йўқ. Қандай бўлмасин, биз шу ойнинг охирига қадар карантин режимини сақлаб турамиз. У ёғини кейин ўйлаб кўрамиз. Эҳтимол, муаммони ҳал қилишнинг янги усуллари топилар. Чунки одамлар аста-секин уйидан чиқиши лозим, - деди Қосим-Жомарт Тўқаев.

Президент, шунингдек, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.

- Иқтисодий ривожланиш, кичик ва ўрта бизнес ҳақида ўйлашимиз керак. Одамлар кундалик ишлаб топаётган даромадидан батамом айрилиб қолмаслиги керак. Бу ҳақда мен кейинги ҳафта телевизион мурожаатимда батафсил тўхталиб ўтаман, - деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев шифокорлар билан санитария-эпидемиология хизматини ислоҳ қилиш тўғрисида суҳбатлашди.




- Ҳар бир инқирознинг ўз сабоқлари бор. Буни ҳисобга олиш керак. Биз ҳозирги инқироз ва пандемиядан сабоқ олмоқдамиз. Аслида, кейинги йилларда санитария-эпидемиология хизматини ривожлантириш ва сақлашга етарлича эътибор берилмаганди. Албатта, бунинг ўз сабаблари бор. Сиз уни жуда яхши биласиз. Биз ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ишини қайта ташкиллаштиряпмиз. Керакли ислоҳотлар амалга оширилади. Хусусан, бош санитария врачининг ваколатлари кучайтирилади, - деди Президент.

Тиббий ходимлар кўрсатган ёрдами учун давлат ва Президентга миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, улар юқумли касалликлар бўйича мутахассисларнинг иш ҳақини ошириш масаласини кўтаришди.

- Ҳозир биз барча бюджет маблағларини бирлаштирмоқдамиз. Қозоғистоннинг анъанавий бозори ларзага келганини тушунишингиз керак. Биз бюджетга келиб тушиши лозим маблағларнинг асосий қисмини ололмаяпмиз. Аммо, бундай жиддий молиявий қийинчиликларга қарамай, биз сизнинг илтимосингизни эътиборсиз қолдирмаймиз, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.













Сўнгги хабарлар