ҚР Президенти Польша Сенатининг Маршалини қабул қилди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Президенти Польша Республикаси Сенатининг Маршали Томаш Гродзкийни қабул қилди, деб хабар беради Kazinform Ақорданинг матбуот хизматига таяниб.

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Польша Республикаси Сенатининг Маршали (Спикери) Томаш Гродзкийни қабул қилди.

Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

«Парламентнинг собиқ спикери сифатида парламентлараро дипломатияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаман. Қайд этишни истардимки, мамлакатларимизни кўп соҳаларда азалий дўстлик ва ҳамкорлик боғлаб туради. Биз Польшани Қозоғистоннинг Марказий Европадаги муҳим ва ишончли ҳамкори деб биламиз. Биз Польшадаги вазиятни диққат билан кузатиб борамиз. Мамлакатингизга, халқингизга катта ҳурмат билан қараймиз», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Қозоғистон Президенти давлат раҳбарлари ўртасида ишончли мулоқот йўлга қўйилгани ва бундай алоқалар икки давлат қонун чиқарувчи органлари даражасида давом этишини таъкидлади.

«Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз жуда истиқболли. Сизнинг ташрифингиз бу кенг кўламли ҳамкорликнинг ёрқин далилидир», – деди Қозоғистон Президенти.

Ўз навбатида Томаш Гродзкий Қасим-Жомарт Тоқаевга меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистон парламенти ҳар икки палатаси раислари билан учрашувлар муваффақиятли ўтганини таъкидлади.

«Ўйлайманки, Қозоғистонга ташрифимиз икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожига янги суръат бағишлайди. Мустақилликнинг 30 йили давомида мамлакатингизнинг ривожланиш суръатлари ҳайратланарли бўлганини чин дилдан эътироф этамиз. Бу Қозоғистон Биринчи Президентининг узоқни кўра билиши туфайли мумкин бўлди. Халқларимиз оғир иқтисодий инқироз даврида ривожлана бошлади. Айниқса, Қозоғистон, Нур-Султан шаҳрини ривожлантириш, мамлакатингизда демократияни шакллантириш йўлидаги ютуқларингиз бизда катта таассурот қолдирди», – деди Польша Сенати спикери.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий, инфратузилма ва таълим соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш салоҳияти қайд этилди.

Томаш Гродзкий Ақмола вилоятига ташрифи, у ерда Польша диаспораси вакиллари билан учрашиши ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Польша парламенти юқори палатаси спикери депортация йилларида қозоқ халқининг дўстона нияти ва меҳмондўстлиги туфайли Қозоғистон полякларнинг иккинчи ватанига айланганини таъкидлади.


Сўнгги хабарлар