ҚР Президенти Мажилис раисини қабул қилди

3 Октябрь, 14:41
ҚР Президенти Мажилис раисини қабул қилди

ASTANA. Кazinform – Давлат раҳбари Мажилис раиси Ерлан Қошановни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда.

Президентга Парламент Мажилисининг жорий қонун ижодкорлиги фаолияти ҳақида маълумот берилди. Жумладан, Парламент депутатлари «Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил тўғрисида», «Конституциявий суд тўғрисида», «Прокуратура тўғрисида»ги қонунлар, шунингдек, бир қатор конституциявий ва бошқа қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини кўриб чиқди ва Сенатга юборди. Ушбу ҳужжатлар муҳокамасида бир гуруҳ экспертлар иштирок этди ва у жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун очиқ ўтказилди.

Палата томонидан маъқулланган қонун лойиҳалари жорий йил 5 июнда бўлиб ўтган референдумда халқ томонидан овоз берилган конституциявий ислоҳотларнинг асосий қоидаларини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган. Киритилган ҳуқуқий нормалар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга, фуқароларнинг мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ерлан Қошанов Қасим-Жомарт Тоқаевга Парламент дипломатияси ва хорижий давлатларнинг қонун чиқарувчи органлари билан алоқалар доирасидаги ишнинг асосий устувор йўналишлари ҳақида гапириб берди.

Мажилис раиси Давлат раҳбарига мамлакат делегациясининг Туркиянинг Изник шаҳрида бўлиб ўтган IV Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимидаги иштироки ҳақида ҳисобот берди. Туркий жамият 2024 йилда Қозоғистонда V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларини ўтказиш таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар