ҚР Президенти Финляндия савдо вазирини қабул қилди

None
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Президенти Финляндия ташқи савдо ва халқаро тараққиётни қўллаб-қувватлаш вазири Вилле Скиннарини қабул қилди, деб хабар беради Ақорда.

Қасим-Жомарт Тоқаев Финляндия ташқи савдо ва халқаро тараққиётни қўллаб-қувватлаш вазири, Қозоғистон-Финляндия ҳукуматлараро савдо-иқтисодий ҳамкорлик комиссияси ҳамраиси Вилле Скиннарини қабул қилди. Давлат раҳбари вазирга ўз миннатдорчилигини билдириб, Финляндия делегациясининг ташрифи икки томонлама ҳамкорликка янги суръат бағишлаши жиҳатидан муҳим эканини таъкидлади.

Президентнинг сўзларига кўра, дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 30 йил ичида Финляндия Шимолий Европа давлатлари орасида иккинчи йирик инвесторга айланди.

Бундан ташқари, Финляндиянинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасининг 90 фоизи Қозоғистонга тегишли.

Қасим-Жомарт Тоқаев савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва таълим соҳаларида икки давлат шериклигини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Давлат раҳбари Финляндия тадбиркорларининг Қозоғистонга сармоясини кўпайтириши учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.

Вилле Скиннари, ўз навбатида, Қасим-Жомарт Тоқаевга ҳурмат билан қабул қилингани учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Вазирнинг айтишича, Қозоғистонга ташриф буюрган делегация таркибида Финляндиянинг Nurminen Logistics Plc, Nokia, EastCham Finland, Business Finland, Lamor, Wärtsilä Finland, PayIQ, EPSE каби 15 та йирик компаниялари вакиллари бор. Бўлажак учрашувларда савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, Финляндия томони Астанадаги Финляндия элчихонаси ёнида Марказий Осиё давлатлари фуқароларига хизмат кўрсатувчи виза маркази очади.

Суҳбат чоғида халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Финляндия Президенти Саули Ниинистёга ўзининг эзгу тилакларини йўллаб, Қозоғистонга расмий ташриф билан келишни таклиф қилди.

Фото: akorda.kz

Сўнгги хабарлар