+7 (701) 759 90 19
USD 431.07 EUR 485.51
RUB 5.69 CNY 67.47
Янгиликлар

ҚР Президенти Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан музокара ўтказди

26 Ноябрь 08:20
Баҳам кўринг:
ҚР Президенти Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан музокара ўтказди

BRUSSELS. Kazinform - Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан музокара ўтказди, дея хабар беради Kazinform Aкордага таяниб.

Ўхшаш янгиликлар
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг мақоласи «The Parliament Magazine» нашрида чоп этилди Европада CОVID-19 билан касалланиш жадал ўсиб бормоқда Европа Иттифоқи: Эмлаш сертификати 9 ой давомида амал қилади

Қасим-Жомарт Тоқаев ва Шарль Мишель Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик шерикликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим самарали амалга оширилишини таъкидладилар.

Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, коронавирус пандемиясига қарши курашнинг долзарб масалалари, жумладан, вакциналар ва эмлаш паспортларини ўзаро тан олиш масалалари муҳокама қилинди.


Бундан ташқари, томонлар халқаро ва минтақалараро кун тартибини, жумладан, Aфғонистондаги вазиятни ҳамда ушбу мамлакатга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Қасим-Жомарт Тоқаев Шарль Мишельнинг Европа кенгаши Президенти лавозимидаги раҳбарлигини юқори баҳолади ва Қозоғистон билан ҳамкорлик бўйича очиқ ва конструктив позицияси учун миннатдорчилик билдирди.

Давлат раҳбари ўтган 30 йил давомида Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида ўзаро ишонч, ҳурмат ва умумий устуворликларга асосланган мустаҳкам муносабатлар ўрнатилганини таъкидлади.


Томонлар 29 йўналиш бўйича ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар. Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясининг самарали амалга оширилиши, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги фаол мулоқот ижобий баҳоланди.

Қасим-Жомарт Тоқаев савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқалар жадал ривожланаётганини таъкидлади. Президентнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Қозоғистон иқтисодиётига жами 160 миллиард AҚШ доллари сармоя киритган энг йирик инвестор ҳисобланади. Қозоғистон Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо шериги ҳисобланади. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 24 миллиард долларга етди.

Учрашувда Президент Марказий Осиёдаги сув ресурслари масаласига тўхталиб, минтақанинг гидроэнергетика, ирригация ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги муҳим манфаатларини мувозанатлаштиришга қаратилган халқаро сув-энергетика консорциумини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан Президент европалик ҳамкорларни Қозоғистон ташаббусини амалга оширишга ҳисса қўшишга чақирди.


Қозоғистон Президенти Европа Иттифоқи томонидан амалга оширилаётган Европа «яшил келишуви» деб номланувчи экологик ривожланишнинг янги моделига ҳам тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, Қасим-Жомарт Тоқаев Европа хомашё альянси ва Европа аккумулятор альянси билан хомашёдан ишончли ва барқарор фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, мамлакатни аккумуляторларнинг қўшимча қиймат занжирига интеграциялашувини таъминлаш орқали ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида Президент Шарль Мишельни Қозоғистонга ташриф буюришни таклиф қилди.



Баҳам кўринг:
Ўхшаш янгиликлар
Мавзуга оид
Фикр қолдириш
+7
Жўнатиш
Онлайн ходимлар

Архив