ҚР Президенти БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад билан учрашди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиёга ташрифи доирасида Қозоғистонга келган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммадни қабул қилди, дея хабар беради Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Учрашувда Қозоғистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, пандемияларга қарши курашиш ҳамда гендер тенглиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Амина Муҳаммадга ҳурмат бажо келтирди ва уни ушбу лавозимга қайта сайланиши билан табриклади. Унинг таъкидлашича, унинг ташрифи мамлакат тарихидаги бурилиш даври – умумхалқ референдумига тўғри келди. Шунингдек, у референдум натижалари янги Қозоғистонни яратишни бошлаш имконини беришини айтди.

Президент кўп томонлама ва халқаро дипломатия тамойилини шакллантириш ва ривожлантиришда Ташкилотининг алоҳида ўрни борлигини таЪкидлади. Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон БМТ билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканлигини ва унинг глобал муаммоларни ҳал этиш бўйича кун тартибини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Қозоғистон Президенти БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг тинчлик ва глобал хавфсизлик бўйича янги кун тартибини ишлаб чиқиш мақсадида 2023 йилда юқори даражадаги «Келажак саммити»ни чақириш ташаббусини олқишлади.

Давлат раҳбари бугунги мураккаб муаммолар шароитида барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун кечиктириб бўлмайдиган ва кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари Қозоғистон томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, муҳтож давлатларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасида қабул қилинган қарорлар ҳақида ҳам тўхталди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Амина Муҳаммаднинг аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича Марказий Осиё ва Афғонистонга бағишланган SpotLight Initiative ташаббуси минтақавий дастурини амалга оширишдаги етакчилигини юқори баҳолади.

Ўз навбатида Амина Муҳаммад Президентга БМТ Бош котибининг самимий саломини етказди. Шунингдек, у Қасим-Жомарт Тоқаев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди ва референдумнинг муваффақиятли ўтгани билан табриклади.

Бош котибнинг биринчи ўринбосари Қозоғистон ва БМТ ўртасидаги сўнгги 30 йилдаги кўп томонлама шериклик даражасини юқори баҳолади.

Суҳбат чоғида Афғонистон масаласи ҳам муҳокама қилинди. Амина Муҳаммад Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий қайта қуриш муаммоларини ҳал этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади.


Сўнгги хабарлар